English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олий судда оқлов ҳукмлари чиқарилди (+видео)
19:23 / 2023-12-01

Оқланганлар орасида буюк ёзувчи Абдулла Қодирий ҳам бор

Ҳаётда инсон учун ноҳақ айбланиш, айбсиз айбдор бўлишдан оғири йўқ. Айниқса, ноҳақлик ортидан ҳаётига нуқта қўйилган одамларга янада қийин. Чунки улар ўз номини оқлаш учун курашишга қодир бўлмайди.  

Мустабид тузум даврида ноҳақ айбланган, мол-мулки мусодара этилиб, ўзлари қатағон этилган, шундан кўпчилиги отувга ҳукм қилинган аждодларимиз тақдири нақадар аянчли кечган.  

Кеч бўлсада уларнинг номларини оқлаш йўлида амалга оширилаётган ишлар эса тарихий адолатни тиклашга қаратилган.  

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 8 октябрдаги “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши қабул қилингани бунга кенг йўл очди.  

Фармойиш ижросини таъминлаш мақсадида Республика ишчи гуруҳи ташкил этилди. Қатағон қурбонларининг номларини тиклаш ва хотирасини абадийлаштириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқлангач, уларнинг номларини аниқлаш борасида изланишлар кўлами кенгайтирилиб, масъулларга вазирлик ва идораларнинг идоравий архивларидан фойдаланиш имконияти яратилди.  

Илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш жараёнида аниқланган, айрим сабабларга кўра реабилитация қилинмаган қатағон қурбонлари номларини оқлаш юзасидан таклифлар киритиш белгиланган.  

Бундан ташқари, Олий судда муайян сабабларга кўра реабилитация қилинмаган қатағон қурбонларининг номларини оқлаш ва уларнинг хотирасини абадийлаштириш масалалари бўйича ишчи гуруҳ тузилган.  

Ишчи гуруҳнинг изчил фаолияти туфайли кейинги йилларда Совет даврида қатағон қилинган 856 нафар ватандошимиз реабилитация қилиниб, оқланди.  

Олий судга Ўрта Осиёда ва Қозоғистондаги Бирлашган давлат сиёсий бошқармалари Учлик кенгашларининг махсус йиғилиши қарорларига кўра 1930-1931 йилларда ҳозирги Сурхондарё, Бухоро, Самарқанд ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларида босмачилик ҳаракати аъзолари бўла туриб, қуролли тўда тузиб, Совет ҳокимиятига қарши қуролли қўзғолонлар ҳамда аксилинқилобий босмачилик ҳаракатини амалга оширганликда айбланган 174 нафар шахсга оид 6 та жиноят иши келиб тушиб, ишчи гуруҳ томонидан ўрганиб чиқилди.  

Бош прокурор ўринбосари томонидан юқорида кўрсатилган жиноят ишлари юзасидан Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция протестини бериш муддатини тиклаш ҳақидаги илтимосномалар ҳамда апелляция тартибида протестлар келтирилди.  

Бугун Олий судда бўлиб ўтган очиқ суд мажлисларида ушбу илтимосномалар ва протестлар кўриб чиқилди.  

Олий суд раисининг ўринбосари Икром Муслимов раислик қилган суд мажлисида илтимосномалар қаноатлантирилди.  

Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддасига асосан жами 6 та жиноят иши бўйича 174 нафар шахсга нисбатан Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг оқлов ҳукмлари чиқарилди.  

[gallery-14853]

Ўзбекистон ССР Олий суди жиноят ишлари ҳайъатининг 1926 йил 16 июндаги ҳукми билан таниқли адибимиз Абдулла Қодирий Ўзбекистон ССР Жиноят кодексининг 73-моддасида (контрреволюцион характерга эга адабиётларни тарқатиш ва тарқатиш мақсадида тайёрлаш, сақлаш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Бироқ, Ўзбекистон ССР Марказий ижроия қўмитаси раёсатининг 1926 йил 17 июндаги қарорига асосан жазодан озод этилган.  

Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг бугунги суд мажлисида буюк ёзувчи Абдулла Қодирийнинг набираси Х.Қодирий томонидан ушбу ҳукм устидан берилган апелляция шикояти ҳам кўриб чиқилди.  

Натижада Абдулла Қодирийга нисбатан чиқарилган Ўзбекистон ССР Олий суди жиноят ишлари ҳайъатининг 1926 йил 16 июндаги ҳукми бекор қилиниб, унинг ҳаракатларида Ўзбекистон ССР Жиноят кодексининг 73-моддасида назарда тутилган жиноят таркиби мавжуд эмаслиги ҳамда жиноий ҳодиса юз бермагани сабабли адиб оқланди.  

Шу аснода адолат қарор топти, йиллар мобайнида юзага чиқмай келган ҳақиқат тантана қилди.  

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/8fPheGHLVUI" title="Олий судда оқлов ҳукмлари чиқарилди" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Норгул Абдураимова, Дониёр Якубов (видео), 

Носир Ҳайдаров (сурат), ЎзА мухбирлари