Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари Р.Маҳмудова Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг сайловлар бўйича катта маслаҳатчиси В. Мисев ва маслаҳатчиси К. Дашуцинани қабул қилди.
“Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича умумхалқ референдуми ўтказилиши муносабати билан мамлакатимизга ташриф буюрган экспертлар билан учрашувда мамлакатимиз фуқароларининг референдумда иштирок этиш ҳуқуқи суд орқали ҳимоя қилиниши ва эҳтимолий низоларни тезкорлик билан адолатли ҳал этиш кафолатланиши референдум натижаси қонунийлигини таъминлашда муҳим омил экани таъкидланди.
Қайд этилганидек, суд идоралари бевосита сайлов ёки референдум жараёнига аралашмайди. Референдум қонунчилиги ёки фуқаролар ва референдум жараёни бошқа иштирокчиларининг ҳуқуқ ва манфаати бузилганда, яъни референдум билан боғлиқ низо вужудга келгандагина суд жараёнга киришади.
Мулоқот чоғида меҳмонлар миллий қонунчилигимиз, жумладан, мазкур тоифадаги низоларни судда кўриб чиқиш тартиби, референдумни ташкил этиш ва ўтказиш борасидаги ҳуқуқбузарлик ва жиноят учун белгиланган жавобгарлик чораси ҳамда бу борадаги суд амалиёти билан таништирилди.
ЕХҲТ ДИИҲБ вакилларига Олий суд томонидан референдум давомида келиб тушиши мумкин бўлган шикоят ёки аризаларни кўриб чиқиш буйича судьяларни касбий тайёрлаш ишлари бошлаб юборилгани, хусусан, куни-кеча референдум ўтказиш билан боғлиқ низони судда кўриб чиқишнинг ўзига хос хусусиятига бағишланган республика семинар-тренинги бўлиб ўтгани, тадбирда референдум ўтказиш тўғрисидаги қонунчиликнинг умумий масалалари, референдум ўтказувчи комиссиялар қарори ва ҳатти-ҳаракати устидан шикоят қилиш муддати, шунингдек, ушбу шикоятларни маъмурий судда кўриб чиқиш тартиби муҳокама қилиниб, судья ва суд ходимларига тегишли тушунтириш берилгани маълум қилинди.
Шунингдек, референдум ўтказувчи комиссиялар ҳатти-ҳаракати ва қарори устидан низолашишга оид ишларни кўриш бўйича ишлаб чиқилган услубий қўлланмада бундай тоифадаги низоларни судда кўриб чиқишда эътибор қаратилиши лозим бўлган моддий ҳамда процессуал қонун нормаларини тўғри қўллаш юзасидан амалий ва назарий тавсиялар берилган.
Учрашув доирасида томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.
ЎзА