Қонунчиликка қўра, судларга икки хил тоифада, яъни процессуал ва умумий мазмундаги шикоят аризалари билан мурожаат қилинади.
Умумий мазмундаги мурожаатлар – хат, ариза, таклиф ва шикоятлардир. Процессуал мазмундаги мурожаатлар – муайян низо ёки суд қарори билан боғлиқ бўлган ариза, даъво аризаси, илтимоснома, апелляция ва кассация тартибидаги шикоятлардир.
Барча фуқаролар, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва чет эл фуқаролари бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш юзасидан судга оғзаки, ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Умумий мазмундаги мурожаатлар “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги қонунда белгиланган тартибда, яъни судга келиб тушган кундан бошлаб 15 кун ичида, қўшимча ўрганиш ва текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса, бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади. Агар ариза ва шикоят муддати узайтирилса, бу ҳақда мурожаат қилувчига хабар берилади.
Фуқаролик, жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича процессуал мазмунда берилган шикоятлар процессуал қонунчиликда белгиланган муддатларда кўриб чиқилади.
– Кейинги йилларда суд органларига мурожаат қилувчилар сони сезиларли даражада ортиб бормоқда, – деди Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Абидов. – 2022 йилда судларга жами 151 минг 37 мурожаат тушган. Шундан Олий судга 55 минг 76, Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналари орқали 72 минг 829, вилоят ва унга тенглаштирилган судларга 20 минг 240, маъмурий судларга 2 минг 572, республика ҳарбий судларига 320 мурожаат келган. Олий судга келиб тушган мурожаатларнинг 44,4 фоизи умумий мазмундаги, 55,6 фоизи кассация ҳамда такрорий кассация тартибидаги шикоятларни ташкил қилди.
Президент Виртуал ва Халқ қабулхоналаридан Олий судга келиб тушган мурожаатларнинг 71 минг 652 таси бўйича мурожаат муаллифларига тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилган ҳамда 5 минг 329 мурожаат ижобий ҳал этилган.
2022 йил давомида умумий мазмунда келиб тушган мурожаатлар олдинги йилдаги мурожаатларга нисбатан 8,2 фоизга камайган. Аммо кассация тартибидаги мурожаатлар 10,3 фоизга кўпайган.
Албатта, мурожаатлар сонининг кўпайганини аҳолининг суд тизимига нисбатан ишончи ортиб бораётгани билан ҳам изоҳлаш жоиз.
Жиноят-процессуал кодексининг 499-моддасида биринчи ва апелляция инстанцияси судининг ҳукми, ажрими устидан кассация тартибида шикоят қилишга бўлган ҳуқуқ маҳкумга, унинг ҳимоячиси ва қонуний вакилига, жабрланувчига ва унинг вакилига, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакиллари биринчи ва апелляция инстанцияси суди ҳукмининг, ажримининг фуқаровий даъвога дахлдор қисми устидан шикоят беришга ҳақли, деб кўрсатилган.
Лекин иш бўйича шикоят беришга ваколати бўлмаган фуқаролар, яъни судланувчи ё маҳкум, даъвогар ёки жавобгарнинг қариндошлари ҳам юқори идораларга мурожаат қилиш ҳолатлари кўплаб учрайди.
Олий судга 2022 йил мобайнида айни шундай юқори идоралардан 7 минг 169 мурожаат келиб тушган. Ушбу мурожаатларнинг 781 таси бошқа идораларга, 1 минг 593 таси қуйи судларга юборилган ва 3 минг 516 таси бўйича судга мурожаат қилиш талаби тушунтирилган.
Айтиб ўтиш керакки, мурожаат қилиш бўйича қонун талабига риоя этмаслик ёки тартибни билмаслик суд қарорлари устидан шикоят бериш муддатининг ўтиб кетишига олиб келмоқда. Оқибатда муддатни тиклаш ҳақида ариза бериш талаб этилиб, ортиқча оворагарчилик юзага келмоқда. Турли идораларга судга оид шикоятлар берилиши суд тизимига алоқаси бўлмаган ташкилотларда иш юкламаси ортиши, беҳуда вақт йўқотилишига сабаб бўлмоқда.
Олий суд раҳбарияти томонидан жисмоний ва юридик шахслар вакилларини қабул қилиш жараёни ҳам кенг йўлга қўйилди. Жумладан, 2022 йилда 8 минг 267 нафар жисмоний ва юридик шахс вакили қабул қилинди.
Шундан 4 минг 887 нафари сайёр қабулда, 2 минг 834 нафари бевосита идорада, 546 нафари видеоконференцалоқа воситаси орқали қабулда бўлган. Олий суд раиси қабулида 721 нафар жисмоний ва юридик шахс вакилининг шикоят ва важлари эшитилган.
Олий суд ва қуйи судларда халқимизни рози қилиш йўлида аҳоли билан мулоқот қилиш, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари ҳар тарафлама тўлиқ, холисона ва қонуний кўриб чиқилиши орқали адолатли қарорлар қабул қилиниши таъминланмоқда.
Жумладан, 2023 йилнинг биринчи чорагида судларга 37 минг 450 мурожаат келиб тушган. Шундан Олий судга 13 минг 476, Президентнинг Виртуал ва Халқ қабулхоналари орқали 18 минг 199, вилоят ва унга тенглаштирилган судларга 5 минг 61, маъмурий судларга 595, республика ҳарбий судларига 119 мурожаат келган.
Бу мурожаатлар ўтган йилнинг шу даврида келиб тушган мурожаатларга нисбатан 0,7 фоизга кам. Бироқ кассация тартибидаги мурожаатлар 24,6 фоизга кўпайган.
2023 йилнинг биринчи чорагида Олий суд 465 мурожаатни тааллуқлилиги бўйича кўриб чиқиш учун бошқа идораларга юборган.
Президентнинг Виртуал ва Халқ қабулхоналаридан Олий судга келиб тушган мурожаатларнинг 16 минг 227 таси муаллифларига тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилган ҳамда 443 мурожаат ижобий ҳал этилган.
Халқ билан мулоқот ва “маҳаллабай” ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, аҳоли учун долзарб муаммоларни ҳар томонлама ўрганиш ва ҳал этиш юзасидан тезкор чоралар кўриш мақсадида Республика ишчи гуруҳининг вилоятларда оммавий сайёр қабуллари ўтказилмоқда.
Жорий йил май ойида ўтказилган сайёр қабуллар давомида Олий суд раиси Бахтиёр Исломов ҳам иштирок этиб, 1 минг 167 нафар фуқаронинг суд-ҳуқуқ масалалари бўйича мурожаатларини қабул қилди. Айни пайтда ушбу мурожаатларни кўриб чиқиш, ҳақиқатан муаммоларга дуч келган фуқароларга амалий ёрдам бериш чоралари кўрилмоқда.
Норгул Абдураимова, ЎзА