Тараққиётга элтувчи ислоҳотларнинг бош мақсади аввало инсон. Шундай экан, ҳар қандай ўзгаришнинг фойдаси халққа тегмоғи шарт. Шу маънода сўнгги йилларда юртимиз бўйлаб аҳоли мурожаатлари-ю муаммоларини тинглаш ва уларга тез ечим топиш ишлари тизимли йўлга қўйилди.
Президент ташаббуси билан ҳар бир раҳбар энг қуйи қатламгача кириб бориб, аҳолини қийнаётган кўплаб масалаларни жойида ижобий бартараф этмоқда.
Ана шундай ташаббуснинг амалий белгиси ўлароқ, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Бахтиёр Исломов Яккасарой туманида бўлди.

Ташриф давомида Абдулла Қаҳҳор маҳалласида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиб, "маҳалла еттлиги" фаолияти, ҳудудда ижтимоий-маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш ҳамда жиноятчиликнинг олдини олиш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар кўздан кечирилди. Шунингдек, профилактика инспектори томонидан ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар бўйича маълумот берилди.

Олий суд раиси маҳалла гузарида ташкил этилган тикувчилик фаолияти билан ҳам танишиб, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни эътироф этди.
Ташриф якунида жойлардаги суд раисларига маҳалла кутубхоналарини суд-ҳуқуқ соҳасига оид адабиётлар билан бойитиш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган тарғибот ишларини кучайтириш борасида тегишли топшириқлар берилди.

Таъкидлаш жоизки, ҳуқуқий жиҳатдан саводи юқори бўлган жамиятда инсон қадри юксак бўлади. Мазкур ташаббусдан кўзланган мақсад ҳам айнан шундан иборат.
Шербек Исломов, ЎзА