Ўзбекистон Республикаси Олий судида 2025 йилда судлар томонидан амалга оширилган ишлар бўйича матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Олий суд раисининг биринчи ўринбосари Алишер Усмонов ўтган йилда судлар томонидан 4 миллиондан ортиқ иш кўрилганини қайд этди. Олий судда жами 4 минг 766 жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишлар кўрилди. 4 миллиондан ортиқ ишнинг 3,3 фоизи устидан юқори инстанция судларига шикоят ёки протест берилган.
“Юқори инстанция судларида бекор қилинаётган қарорларни чиқарган судьяларга қандай жавобгарлик борлиги, масалан, тафтиш инстанциясида қуйи жиноят судларнинг 213 қарори бекор қилингани оқибатидаги оворагарчилик учун ким жавоб беради?” мазмунидаги саволимизга А.Усмонов, албатта, бу жавобсиз қоладиган ҳолат эмаслигини таъкидлади. Жиддий қонунбузарликка йўл қўйгани учун ўтган йилда 3 нафар судьяга жиноят иши очилди. Қўпол қонунбузилишига йўл қўйган 59 нафар судья лавозимидан озод қилинди. Суд соҳасида қонунийликка риоя этмайдиган, масъулиятсиз ва нопок ходимларга нисбатан муросасиз муҳит яратилган.

Судлар томонидан қарийб 422 нафар шахс оқланди. Улар фойдасига давлат бюджетидан 24 миллиард сўмдан ортиқ моддий ва маънавий зарарлар ундириш белгиланди.
Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини таъминлаш, уларнинг ноҳақ жавобгарликка тортилишини олдини олишга қаратилган ишлар натижасида қарийб 16 минг нафар шахсга нисбатан қўйилган асоссиз айбловлар олиб ташланган ёки ўзгартирилган. 8 минг 85 нафар шахс суд залидан озод қилинган. 35 минг 572 нафар шахс эса жазони ўташдан муддатдан илгари шартли озод қилинган. 135 минг 130 нафар шахс ўзаро ярашганлиги учун жиноий ва маъмурий жавобгарликдан озод қилиниб, судланганлик тамғасидан халос бўлган.
Судланган 63 минг 340 нафар шахснинг 30 фоизига озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. 70 фоизига бошқа муқобил жазо чоралари кўриланган.

Таҳлиллар фирибгарлик, автоавария, ўғирлик ва гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар энг кўп содир этилганини кўрсатган.
Судлар томонидан 2023-2025 йиллар давомида 128 минг 310 санкция ва мажбурлов чораларини қўллаш ҳақидаги илтимоснома кўрилган. 72 минг 425 нафар шахсга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўллаш ҳақидаги илтимоснома кўрилган. Шундан 2 минг 431 таси ёки 3,3 фоизи рад қилинган.
Фуқаролик ишлари бўйича судларда оилавий низолар билан боғлиқ 134 мингдан ортиқ иш кўрилган. Ажрашиш ёқасига келиб қолган 5 минг 235 оила яраштирилган.
Меҳнат низоларига оид 14 мингдан ортиқ даъво аризалар кўрилиб, уларнинг 59 фоизи қаноатлантирилган. Бу тоифадаги ишлар сони ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан 8,5 фоизга кўпайган.
Суд қарори билан ишга тикланган шахслар фойдасига 155 миллиард сўм мажбурий прогул вақти, тўланмаган иш ҳақи ва зарарлар ундирилишига тўғри келган.

Иқтисодий судлар томонидан 691 минг иш кўрилган. 73 мингдан ортиқ иш бўйича тадбиркорлик субъектлари манфаатида қарорлар чиқарилган. Уларнинг фойдасига 10,8 триллион сўмга яқин миқдоридаги маблағ ундириш белгиланган.
Инвестициявий низоларга оид 144 иш кўрилиб, уларнинг 61 фоизи қаноатлантирилган. Инвесторларнинг бузилган ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари судлар томонидан тикланган.
3 минг 755 иш судларда тарафлар ўртасида медиатив келишув тузиш орқали якунланган. Бу билан тадбиркорларнинг ортиқча вақт ва сарф-харажатлари олди олинган.
Маъмурий судлар томонидан қарийб 17 минг 714 ишдан 39,5 фоизи бўйича жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари тикланган. Давлат бошқарув органлари мансабдор шахсларининг ғайриқонуний қарорлари бекор қилинган.
Суднинг таъсирчанлигини ошириш мақсадида идора ёки ташкилотлар фаолиятида қонунчилик талабларига қатъий риоя этиш борасида 72 мингдан ортиқ хусусий ажрим чиқарилган.
Фуқаролар билан шахсий қабуллар орқали бевосита мулоқотга киришиш тизими йўлга қўйилгани, яъни “Қайта алоқа” судьялар фаолияти бўйича жамоатчилик фикридан хабардор бўлиш имконини бермоқда. 7 минг нафардан ортиқ фуқаро Олий суд раҳбарияти томонидан шахсан қабул қилинган.

Судлар ва мажбурий ижро бюроси органлари ўртасида кенг қамровли ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ижро ҳужжатларини электрон маълумот алмашиш тизими ишга туширилган. 42,5 триллион сўмлик 5 миллиондан ортиқ ҳужжат ижрога юборилган.
Суд иш юритувини рақамлаштириш ҳамда барча инстанцияларда судьялар ўртасида ишларни инсон омилисиз, автоматик тарзда тақсимлаш жараёнларини такомиллаштириш мақсадида «Адолат» ахборот тизими ишга туширилди. Натижада суд ишларини кўриш тартиби 90 фоизгача автоматлаштирилди.
Судларга шикоятларни электрон юбориш, ишнинг судда кўриб чиқилиш босқичлари ва натижалари ҳақида маълумотларни онлайн билиб бориш имконияти яратилган. Судланувчини суд биносига олиб келмасдан қамоқхона ва жазони ижро этиш муассасаларида ўрнатилган видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланиб, суд мажлисларида онлайн режимда иштирок этиш имконияти яратилган. Бунинг натижасида 205 миллиард сўмдан ортиқ бюджет маблағи тежалди.
Суд жараёнида зарур бўладиган маълумотларни тезкорлик билан ўзаро алмашиш имкониятини таъминлаш мақсадида 35 давлат ташкилотининг 54 ахборот тизими билан Олий суд ахборот тизимига интеграция қилинди.
Матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган барча саволларга жавоб берилди.
Норгул АБДУРАИМОВА,
ЎзА мухбири