Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олий суд: қарийб 92 минг нафар шахсга маъмурий қамоқ жазоси тайинланди
10:34 / 2026-01-30

Судлар томонидан кўрилаётган маъмурий ишларда қайси ҳуқуқбузарликлар кўпроқ кузатилмоқда?

– 2025 йилда туман ва шаҳар жиноят ишлари бўйича судларнинг тергов судьялари томонидан 825 минг 50 нафар шахсга нисбатан 690 минг 879 маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди, – деди Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Обидов. – Натижада 509 минг 146 нафар шахсга нисбатан маъмурий жазо қўлланилди. Хусусан, 415 минг 531 нафар шахсга нисбатан жарима, қарийб 92 минг нафарига нисбатан маъмурий қамоқ жазолари тайинланган.  

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларнинг салмоқли қисми Тошкент шаҳри, Тошкент, Фарғона, Самарқанд ва Андижон вилоятларига тўғри келди.  

Ярашганлиги муносабати билан 121 минг 906 нафар шахс маъмурий жавобгарликдан озод этилди.

Кўрилган ишларнинг аксариятини майда безорилик, ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик, автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш, ҳақорат қилиш, савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш кабилар ташкил этди.  

Электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиш ҳолатлари ҳам кам эмас.  

Жамоат жойларида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш, совуқ қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган ашёларни олиб юриш, транспорт воситаларини мастлик ҳолатида бошқариш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар ҳам кўпроқ содир этилган.  

Аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида тегишли ташкилотларга 13 мингдан зиёд тақдимнома юборилди.  

Апелляция тартибида 8 минг 988 нафар шахсга нисбатан 7 минг 780 маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди. 2 минг 512 нафар шахсга нисбатан биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 2 минг 565 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.

Кассация тартибида 11 минг 437 нафар шахсга нисбатан 10 минг 834 маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди. 5 минг 93 нафар шахсга нисбатан биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилинди. 2 минг 415 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.

Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида 2 минг 563 нафар шахсга нисбатан 2 минг 441 маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди. 587 нафар шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 304 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.

Н.Абдураимова, ЎзА