Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олий суд: пленум қарори адолатни таъминлашга хизмат қилади
15:34 / 2025-06-10

Жорий йил 29 апрелда Олий суд пленумининг “Маъмурий судлар томонидан қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришни тартибга солувчи қонун ҳужжатларини қўллаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Олий суд жамоатчилик билан алоқалар маркази бошлиғи Азиз Обидов шу ҳақда маълумот берди: 

– Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 269-моддасида янги очилган ҳолатлар бўйича суд ҳужжатларини қайта кўришнинг 4 асоси кўрсатилган. Лекин, бу асослар аниқ ёритиб берилган тушунтиришлар мавжуд эмас эди. Шу сабабли, кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришда судларда турли хил амалиёт шаклланган. Бу суд амалиётини умумлаштириш натижасида маълум бўлди. 

Янги пленум қарори амалиётдаги ана шундай муаммоларни бартараф этиш, судлар томонидан қонунларнинг бир хил қўлланишини таъминлаш мақсадида қабул қилинди. 

Пленум қарорининг 3-бандида янги очилган ҳолатларга батафсил тушунтириш берилди. Унга кўра, агар фактик ҳолатлар суд ҳужжати қабул қилингандан сўнг вужудга келган бўлса, бу ҳолат суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш учун асос бўла олмайди, балки янги ариза ё шикоят билан мурожаат этиш учун асос бўлиши мумкин.

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексда суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза ишда иштирок этувчи шахслар ёки прокурор томонидан берилиши белгиланган. 

Пленум қарорининг 5-бандида бундай ариза билан судга мурожаат қилиши мумкин бўлган шахслар доираси кўрсатиб ўтилди. Яъни, тарафлар ё уларнинг ҳуқуқий ворислари, учинчи шахслар ёки уларнинг ҳуқуқий ворислари, прокурор, давлат органлари ва бошқа шахслар, ўз зиммаларига юклатилган ваколатларга кўра, қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақида судга ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. 

Шу билан бирга, амалиётда ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар суд ҳужжатини, янги очилган ҳолатларга кўра, қайта кўриш ҳақида ариза билан мурожаат қилиш ҳолатлари учраб туради. Бироқ, қонунчиликда уларнинг суд ҳужжатини янги очилган ҳолатларга кўра, қайта кўриш ҳақида ариза билан мурожаат қилиши назарда тутилмаган. 

Пленум қарорининг 6-бандида шу масала юзасидан судларга тушунтириш берилди. Ушбу шахслар суд ҳужжатини янги очилган ҳолатларга кўра қайта кўриш ҳақида ариза билан мурожаат қилишга ҳақли эмасликлари боис улар суд ҳужжати устидан юқори инстанция судига шикоят билан мурожаат қилиши лозим. 

Бундан ташқари, ариза ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахс томонидан берилганда, у Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 273-моддаси биринчи қисми 1-бандига асосан, қайтарилиши керак. Мабодо хатоликка йўл қўйилиб, ариза иш юритишга қабул қилинган тақдирда эса, шу асослар бўйича аризани қаноатлантириш рад этилади. 

Қонуний кучга кирган суд қарорларини янги очилган ҳолат бўйича судга мурожаат қилиш муддати юзасидан ҳам амалиётда айрим номувофиқликлар мавжуд эди. Пленум қарорининг 8-бандида бу ҳолатнинг ечими ўз аксини топди.

Унга кўра, кодексдаги бир ойлик муддат ичида ариза берилиши, ўтказиб юборилган муддат ариза билан мурожаат қилган шахснинг илтимосномаси бўйича, агар илтимоснома қайта кўриш учун асос бўладиган ҳолатлар очилган кундан эътиборан олти ойдан кечиктирмай берилган бўлса ва суд муддатни ўтказиб юбориш сабабларини узрли деб тан олса, суд томонидан тикланиши мумкин. 

Қарорнинг 16-бандидаги тушунтиришга биноан, иш учун муҳим ҳолат сифатида суд ҳужжати қабул қилинган пайтда мавжуд бўлган, лекин аризачига маълум бўлмаган ва маълум бўлиши мумкин бўлмаган, агар улар ҳақида маълум бўлганида бошқача қарор қабул қилинишига олиб келиши мумкин бўлган янги аниқланган ҳолатлар тан олиниши мумкин.

Бу ўринда, шунингдек, суд ҳужжати қабул қилингандан сўнг талабни асословчи далилнинг тақдим этилиши тарафнинг процессуал эътиборсизлиги ва янги далил тақдим этилиши сифатида баҳоланиши, бу суд ҳужжатини янги очилган ҳолатларга кўра, қайта кўришга асос бўла олмаслиги инобатга олиниши лозимлиги ҳақида ҳам тушунтириш берилди.

Ҳозирги кунга қадар тушунмовчиликларга олиб келаётган “суриштирув ёки тергов органининг иш учун аҳамиятли бўлган қарори” суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш учун асос бўлиши ёки бўлмаслиги ҳақидаги масалага ҳам  қарорда тегишли тушунтириш берилди. Амалиётда кўплаб ҳолатларда мансабдор шахсларнинг қарорлари, ҳаракатлари ё ҳаракатсизлигида жиноят аломатлари мавжудлиги тергов органининг қарори билан аниқланган бўлса-да, жиноий жавобгарликка тортиш муддати ўтганлиги сабабли жиноят иши қўзғатиш рад қилинади.

Ўз навбатида, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс талабларида фақатгина суднинг ҳукми билан аниқланган жиноий хатти-ҳаракат суд қарорини янги очилган ҳолат бўйича қайта кўришга асос бўлиши назарда тутилгани сабабли тергов органининг қарори инобатга олинмай келинаётгани ишда иштирок этувчи шахсларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган эди.

Шу сабабли, қарорнинг 17-бандида суриштирувчи, терговчи ёки прокурорнинг жиноят ишини муддатнинг ўтиши ва бошқа турли сабабларга кўра, тугатиш ҳақидаги қарорлари билан аниқланган ҳолатлар ҳам, агар суд ушбу ҳолатларни иш учун муҳим деб топса, суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш учун асос бўлиши ҳақида тушунтириш берилди.

Н.Абдураимова,

ЎзА