Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олий суд: олти ойда 323 минг нафарга яқин шахсга нисбатан маъмурий иш кўриб чиқилди
17:34 / 2023-08-02

Жорий йил биринчи ярмида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 323 минг нафарга яқин шахсга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги 271 минг 722 иш кўриб чиқилган.

Олий суд жамоатчилик билан алоқалар марказидан маълум қилишларича, 188 минг 873 нафар шахсга жарима солинган.  

Бундан ташқари маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ҳисобланган ёки бевосита шундай нарса бўлган ашёнинг ҳақини тўлаш шарти билан олиб қўйиш, маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ҳисобланган ёки бевосита шундай нарса бўлган ашёни мусодара қилиш, муайян шахсни унга берилган махсус ҳуқуқдан маҳрум этиш, маъмурий қамоққа олиш, чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юбориш ҳамда ҳақ тўланадиган жамоат ишларига мажбурий равишда жалб этиш каби маъмурий жазолар қўлланилган.  

Жиноят ишлари бўйича судлар томонидан кўрилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларнинг аксариятини транспортда йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш ташкил этган. Майда безорилик, ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик ҳолатлари ҳам учраган.  

Электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш, ҳақорат қилиш, савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш ҳам йўқ эмас.  

Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши, жамоат жойларида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш, енгил тан жароҳати етказиш ва совуқ қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни олиб юриш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар ҳам кам эмас.  

Шу билан бирга, транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш ҳамда транспорт воситалари ҳайдовчиларининг ва йўл ҳаракати бошқа иштирокчиларининг мастлиги ёки маст эмаслигини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаши билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича 13 мингдан зиёд шахсга нисбатан 12 минг 925 иш кўриб, тамомланган.  

Шундан 12 минг 461 нафар шахсга нисбатан жарима, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш ва маъмурий қамоққа олиш каби жазолар қўлланилган.  

Апелляция тартибида 6,5 мингдан зиёдроқ шахсга нисбатан 5 минг 463 маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилди. 1,9 мингдан зиёд шахсга нисбатан биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 1 минг 607 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилган.  

Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан кассация тартибида 662 нафар шахсга нисбатан 588  маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилган. 210 нафар шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 102 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилган.  

Н.Абдураимова, ЎзА