Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олий суд мутасаддилари фуқаролар мурожаатини эшитди
11:26 / 2024-06-11

Термиз шаҳрида Олий суд раисининг ўринбосари Шуҳрат Полвонов раҳбарлигида фуқаролар учун сайёр қабул ўтказилди.

Юзма-юз мулоқот чоғида сурхондарёликларнинг суд-ҳуқуқ йўналишига оид мурожаатлари тингланди.

Мамлакатимизда аҳоли мурожаатлари билан ишлашда янгича тизим яратилгани жойларда сайёр қабуллар ташкил этилиб, фуқароларни ўйлантираётган масалаларнинг ечимини топишда муҳим омил бўлаётир. Вилоятда ўтказилган бу сафарги қабулда 26 та жиноят, 25 та фуқаролик, 8 та иқтисодий ва 3 та маъмурий иш бўйича мурожаатлар кўриб чиқилди.  

Оммавий қабул жараёнида Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳри, Термиз ва Ангор туманлари судларида сайёр суд мажлислари ўтказилиб, пробация хизматида назорат остида турган 23 нафар шахс суд тайинлаган жазодан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан муддатидан илгари шартли равишда озод этилди. Фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро суди икки шахснинг Ўзбекистон Республикасида яшаганлик фактини тасдиқлаб, уларга фуқаролик паспортини топширди.

Сайёр қабулда мурожаатлари ижобий ҳал этилган фуқаролар одил судга миннатдорлик билдирди. Жумладан, 1985 йил 23 октябрда Тожикистон Республикасида туғилиб, 1997 йилдан буён оила аъзолари билан Ўзбекистонда яшаган Умиджон Тукаев бир неча марта Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш учун мурожаат этган бўлса-да, унга рад жавоби берилганини айтиб, бу масала суд орқали ечим топганини таъкидлади.  

– Масалам фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро судида кўриб чиқилди, – дейди Умиджон Тукаев. – Одил суд Ўзбекистон Республикасида йигирма йилдан ортиқ доимий яшаб келганим фактини тасдиқлаб, тегишли ҳал қилув қарори билан мурожаатимни қаноатлантирди. Судлар фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқараётгани ва жамиятда адолатни қарор топтираётганидан жуда хурсанд бўлдим. Менинг масалам ҳам ўз ечимини топиб, орзуим ушалишига сабабчи бўлган суд раҳбариятига ўз миннатдорлигимни билдираман.  

Сайёр қабулда ўртага ташланган масалаларнинг 26 таси бўйича мурожаатчиларга ҳуқуқий тушунтириш берилди. 36 та мурожаат жойида ўз ечимини топди.

Холмўмин Маматрайимов,

ЎзА мухбири