Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олий суд: иқтисодий судлар томонидан даъвогарлар фойдасига 27,7 триллион сўм ундирилди
09:06 / 2026-01-28

2025 йилда иқтисодий судлар томонидан биринчи инстанцияда 690 минг 750 та иш кўриб чиқилиб, ҳал этилган. Шундан даъвогарлар фойдасига 27,7 триллион сўм ундириш ҳақида суд қарорлари қабул қилинган.

Олий суд ахборот хизматидан маълум қилишларича, энг кўп ишлар Тошкент шаҳар, Тошкент, Самарқанд, Наманган ва Фарғона вилоятлари иқтисодий судлари томонидан кўриб чиқилган.  

Инвестициявий низоларга оид 144 иш кўрилиб, 88 таси бўйича даъво талаблари қаноатлантирилган. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилишга оид 73 минг 371 иқтисодий иш кўриб чиқилиб, улар фойдасига 10,8 триллион сўм миқдорида маблағлар ундирилган.  

Иқтисодий судларда кўрилган ишларнинг асосий қисмини банклардаги ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб туриш, маҳсулот етказиб бериш, коммунал хизмат кўрсатиш, тўловга қобилиятсизликка оид ҳамда кредит шартномаларидан келиб чиқадиган низолар ташкил этган.  

Аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида 4 минг 140 хусусий ажрим чиқарилиб, тегишлилиги бўйича юборилган.

Апелляция тартибида 6 минг 305 иқтисодий иш кўриб чиқилди. Биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 862 қарор бекор қилиниб, 450 суд қарори ўзгартирилди.

Кассация тартибида 3,4 минг иқтисодий иш кўриб чиқилган. Биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 658 қарор бекор қилиниб, 352 суд қарори ўзгартирилган.  

Тафтиш тартибида 2 минг 934 иқтисодий иш кўриб чиқилди. Қуйи инстанция судлари томонидан чиқарилган 357 қарор бекор қилиниб, 96 суд қарори ўзгартирилди.

Олий суднинг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида 648 иш кўриб чиқилди. Қуйи судлар томонидан чиқарилган 237 қарор бекор қилиниб, 50 суд қарори ўзгартирилган.

Н.Абдураимова,  

ЎзА