2023 йил давомида судлар томонидан биринчи инстанцияда 271 минг 748 та иқтисодий иш кўриб чиқилиб, ҳал этилди. Шундан даъвогарлар фойдасига 23,5 триллион сўм ундириш ҳақида суд қарорлари қабул қилинган.
Олий суд ахборот хизмати хабарига кўра, ўтган даврда энг кўп иқтисодий ишлар Тошкент шаҳар, Тошкент, Қашқадарё, Андижон ва Самарқанд вилоятлари иқтисодий судлари томонидан кўриб, ҳал этилган.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилишга оид 45 минг 111 та иқтисодий иш кўриб чиқилган. Улар фойдасига 6,5 триллион сўм миқдорида маблағ ундирилиши белгиланди.
Иқтисодий судларда кўрилган ишларнинг асосий қисмини банклардаги ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб туриш ва корхоналарнинг банкротлигига оид ишлар, коммунал хизмат кўрсатиш, маҳсулот етказиб бериш, контрактация ҳамда кредит шартномаларидан келиб чиқадиган низолар ташкил этган.
Апелляция тартибида 8 минг 55 иқтисодий иш кўриб чиқилган. Биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 1 минг 151 қарор бекор қилиниб, 646 суд қарори ўзгартирилган.
Олий суднинг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кассация тартибида 1 минг 884 иқтисодий иш кўриб чиқилиб, қуйи судлар томонидан чиқарилган 485 қарор бекор қилинган, 133 суд қарори ўзгартирилган.
Шунингдек, кассация инстанциясида 95 та иқтисодий иш такроран кўриб чиқилиб, 77 суд қарори бекор қилинган, 9 қарор ўзгартирилган.
Н.Абдураимова, ЎзА