Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олий суд қарори нега ижро этилмаяпти?
19:26 / 2019-11-29

Агентлик сайтида жорий йил 19 сентябрь куни “Судлар шундай деб турса, яна қаерга борайин?!” номли мақола эълон қилинган эди.

Ёхуд Қуйи Чирчиқлик фермер яна нимадан норози?

Агентлик сайтида жорий йил 19 сентябрь куни “Судлар шундай деб турса, яна қаерга борайин?!” номли мақола эълон қилинган эди.

Ушбу мақолада Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманидаги “Гулистон агро файз” фермер хўжалиги намунали, кўп тармоқли хўжаликлардан бири экани, хўжалик ер майдони туманда кластер ташкил этилиши муносабати билан жорий йил апрель ойида туман ҳокимлиги томонидан ноқонуний тарзда олиб қўйилгани баён қилинганди.

21 ноябрь куни эса сайтимизда мазкур ҳолат юзасидан навбатдаги “Олий суд “Гулистон агро файз” фермер хўжалиги ерини қайтариб берди” сарлавҳали мақола эълон қилинди. Мақолада Олий суд Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан мазкур фермернинг назорат тартибидаги шикояти кўриб чиқилгани ҳамда очиқ суд мажлисида Маъмурий ишлар бўйича туман ва вилоят судлари қарорлари, шунингдек, Қуйи Чирчиқ тумани ҳокими қарорининг “Гулистон агро файз” фермер хўжалиги ер майдонини захирага олишга оид қисми бекор қилиниб, фермернинг аризаси қаноатлантирилгани маълум қилинган эди.

Афсуски, 29 ноябрь куни Олий суд қарори билан фермерлик ҳуқуқи тиклаб берилган фермер яна Агентлигимизга мурожаат билан келди. “Гулистон агро файз” фермер хўжалиги раҳбари А.Турсунхоновнинг маълум қилишича, тумандаги айрим раҳбарлар фермерга даласини шудгорлаши учун тўсқинлик қилмоқда. Хусусан, туман прокурори фермердан Олий суднинг якуний қарорини олиб келмасдан далага кирмасликни талаб қилмоқда.

– Об-ҳаво маълумотига кўра, мамлакатимизда кейинги ҳафтадан давомли ёғингарчилик бўлар экан, – дейди фермер хўжалиги раҳбари. – Биласиз, деҳқончилик кун санайди. Ахир бободеҳқонларимиз “Ер ҳайдасанг куз ҳайда, куз ҳайдамасанг юз ҳайда”, деб бежиз айтишмаган. Агар шу кунларда ерни ҳайдай олмасам, кейинги йил кутилган ҳосил олиш имкониятимиз пасаяди. Яъни, бир йиллик меҳнатимиз ҳавога соврилиши мумкин.

Муаммо шундаки, фермер таъкидлаганидек, вақт тиғиз. Кейинги йил кутилган ҳосилни олиш учун айни ғанимат кунларда ерни шудгор қилиш керак. Зеро, кейинги ҳафта қиш бошланади, боз устига ёғингарчилик кутилмоқда.

Гарчи 8 ноябрь куни Олий суд Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати қарори билан фермернинг ери қайтариб берилган бўлса-да, тумандаги айрим тўралар Олий суднинг ҳам мазкур қарорини инобатга олмасдан, Олий суддан якуний қарор (?) олиб келишни талаб қилмоқда.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 265-моддасида Олий суд назорат инстанцияси қарори қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга кириши белгилаб қўйилган.

Фермер бизга тақдим этган видеоёзувдан аниқ бўлишича, туман прокурори ёз ойларида фермердан ерни қайтариб олиш бўйича суд қарорини олиб келишни, шунда ери унга қонуний асосда қайтариб берилишини маълум қилган.

Фермер худди прокурор айтганидек, Олий суд қарорини олиб бориб берган. Аммо, юқорида баён қилинганидек, воқеалар “отангга бор, онангга бор” қабилида ривожланмоқда. Туман мутасадди раҳбарлари қайси қонун ҳужжатларига мувофиқ Олий суд қарорини инобатга олмаётгани, якуний қарор (бу нима эканига рости унча ақлимиз етмай турибди - А.Х) сўраётгани бизга қоронғи. Бизга маълум бўлгани, фермер кейинги йил ҳосили учун жон куйдирмоқда.