Судлар томонидан кўрилаётган жиноят ишларида қандай ҳолатлар кўпроқ кузатилган? Бу саволга Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Обидов жавоб берди:
– 2025 йилда жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 79 минг 554 нафар шахсга нисбатан 63 минг 177 жиноят иши кўриб чиқилди. 422 нафар шахс оқланиб, реабилитация қилинди.
Жиноят ишларининг салмоқли қисми Тошкент шаҳри, Фарғона, Тошкент, Самарқанд ва Наманган вилоятлари ҳиссасига тўғри келди.
Кўрилган жиноят ишларнинг аксарияти фирибгарлик, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш билан боғлиқ бўлган.
Ўғрилик, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар ҳам кўпроқ кузатилган.
Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш, қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона ташкил қилиш, тақиқланган экинларни етиштириш, қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш билан боғлиқ жиноятлар ташкил этган.
Судланган шахслар сони 63 минг 340 нафарни ташкил этиб, шундан 18 минг 816 нафар шахсга озодликдан маҳрум қилиш ва 43 минг 531 нафарига бошқа турдаги жазолар тайинланди. 993 нафар шахс шартли ҳукм қилинди.
8 минг 85 нафар шахс озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланиши муносабати билан суд залида қамоқдан озод қилинди. 15 минг 992 нафар шахсга нисбатан дастлабки тергов органлари томонидан асоссиз равишда қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташланди ёки қайта малакаланди.
86 нафар шахс (ёшлар, аёллар ва бошқалар)га кафолат хатлари асосида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланди.
35 минг 572 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиниб, 11 минг 421 нафар шахснинг жазоси енгилроғи билан алмаштирилди.
Жиноятлар сабабларини ва уларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш тўғрисида 45 минг 323 хусусий ажрим чиқарилиб, тегишлилиги бўйича юборилди.
Ярашув институтининг самарали қўлланилиши натижасида 13 минг 224 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод этилди.
Апелляция тартибида 10 минг 423 нафар шахсга нисбатан 7 минг 723 жиноят иши кўриб чиқилди. 340 нафар шахсга нисбатан биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 2 минг 375 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарори ўзгартирилди.
Кассация тартибида 6 минг 197 нафар шахсга нисбатан 5 минг 505 жиноят иши кўриб чиқилди. 379 нафар шахсга нисбатан биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 1 минг 383 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.
Тафтиш тартибида 6 минг 587 нафар шахсга нисбатан 5 минг 573 жиноят иши кўриб чиқилди. 173 нафар шахсга нисбатан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 813 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарори ўзгартирилди.
Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида 1 минг 72 нафар шахсга нисбатан 915 жиноят иши кўриб чиқилди. 213 нафар шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 325 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.
Н.Абдураимова, ЎзА