Таниқли олим, сиёсий фанлар доктори, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи Муқимжон Қирғизбоевнинг олий ўқув юртлари талабалари учун тайёрлаган навбатдаги “Сиёсатшунослик” дарслик китоби “Шарқ” нашриёт – матбаа акциядорлик компанияси томонидан нашр қилинди.
Дарсликда Ўзбекистон олий ўқув юртларида ўқитиладиган сиёсатшунослик фанига доир билим ва масалалар ўз аксини топган. Ривожланган ва етакчи мамлакатларда шаклланган сиёсий назариялар, жараёнлар ва муносабатлар таҳлил қилиниб, миллий тажрибалар билан қиёсланган.
Муаллиф китобга ёзган сўзбошисида “Дарслик ёзишда талабаларнинг мамлакатимизда фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлат қуриш жараёнлари, бозор иқтисодиёти муносабатларини шакллантириш ислоҳотларига оид билимларни эгаллашларида билиш кўникмаларини ривожлантириш, шунингдек, уларнинг сиёсий фанлар назариялари ва тушунчаларини ўзлаштириш фаолияти учун қулай имкониятлар яратишга муҳим эътибор берилди” дея алоҳида таъкидлаб ўтади.
Энг қадимги сиёсатшуносларнинг устози саналган Аристотелнинг сўзбошидан ўрин олган ушбу фикрлари, айниқса, эътиборли: “...Чамаси, тан олиш керак, олий фаровонлик, асосан, бошқарадиган муҳим фанлар ихтиёрига тегишлидир. Шундай фанни давлат тўғрисидаги (ёки сиёсий) фан ифодалайди. Бу чамаси, бошда айтилган фикрга мувофиқ келади: биз давлат ҳақидаги фаннинг мақсади энг олий фаровонлик яратиш, деб фараз қилган эдик. Шунинг учун ҳам бу фан бошқалардан кўра кўпроқ ўз диққат-эътиборини муайян сифатларга эга бўлган, яъни юксак маънавиятли, гўзал хатти-ҳаракатларни бажара оладиган фуқароларни яратишга қаратади...”
Маълумки, 2019 йил 29 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Сиёсий фанлар соҳасида кадрларни тайёрлаш, фундаментал ва амалий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган, мазкур қарорда илғор хорижий тажриба ҳамда замонавий таълим технологияларидан фойдаланиш асосида сиёсатшунослик фанлари соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлашни таъминлаш, жаҳон сиёсатшунослигидаги энг янги тренд ва йўналишларни ҳисобга олган ҳолда халқаро даражадаги илмий ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш ва “Сиёсатшунослик” фани бўйича ўқув жараёнини мазмун жиҳатдан такомиллаштириш мақсадида янги авлод дарсликлари, ўқув қўлланмалари, ўқув дастурлари ва режаларини тайёрлаш вазифалари белгилаб берилган эди.
Таниқли сиёсатшунос Муқимжон Қирғизбоевнинг 2022 йилда нашр бўлган “Социология” ва нашрдан янги чиққан “Сиёсатшунослик” дарсликлари давлат раҳбарининг ана шу қарорига жавоб ўлароқ дунёга келди, дейиш мумкин.
ЎзА