Пекин шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон – Хитой таълим форуми доирасида Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ҳамда ушбу мамлакатнинг 4 та олий таълим муассасаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик шартномаси имзоланди.
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Хитой Халқ Республикаси Таълим вазирлиги томонидан ташкил этилган тадбирнинг мақсади мамлакатларимиз ўртасида ҳамкорлик имкониятларини кенгайтириш, қўшма илмий лойиҳалар ҳамда стратегик йўналишлар бўйича алоқаларни мустаҳкамлаш бўлиб ҳисобланади.

Шартномага мувофиқ, Қорақалпоқ давлат университетининг Ухань тўқимачилик, Тяньцзинь қишлоқ хўжалиги, Тяньцзинь педагогика ҳамда Тяньцзинь чет тиллари университетлари билан келгусида профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг маълум мутахассисликлар бўйича тажриба алмашуви йўлга қўйилади. Шунингдек, Хитойнинг геология фанлари университети (Ухань) билан ҳам ўзаро келишувга эришилди.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, мазкур университетлар Хитойнинг етакчи олий таълим муассасаларидан ҳисобланади. Улар THE (The Times Higher Education) халқаро рейтингида Осиёнинг нуфузли олий таълим муассасалари қаторидан ўрин эгаллаган.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.