Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олий ўқув юртлари ҳамкорлиги давом этмоқда
17:33 / 2025-05-19

Қозоғистон Республикасининг энг нуфузли олий таълим муассасаларидан бири Ал-Фаробий номидаги Қозоқ миллий университетининг бошқарув раиси – ректор Жансейит Туймебаев 18 май куни Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтига ташриф буюрди.

Меҳмонларни институт ректори Қувондиқ Қодиров раҳбарлигидаги тегишли мутасаддилар тантанали равишда кутиб олишди.

Олий ўқув юртининг иқтидорли талаба-ёшларидан тузилган “Сий перде” ва “Балдаурен” ансамбллари аъзолари ижросидаги миллий қўшиқлар, кўп миллатли аҳил жамоа рамзи бўлган миллий кўргазма қозоғистонлик меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

– Бу менинг Қорақалпоғистон Республикасига биринчи келишим. Нукус шаҳри менда алоҳида таассурот қолдирди, институтнинг янги биноси ҳам жуда чиройли ва замонавий экан. Айниқса, мен бу ерда бир неча миллат вакилларининг аҳилликда, ўзаро дўстона муносабатларда таълим олаётганини кўриб ҳавас қилдим. Бизнинг университетимиз ҳам Марказий Осиёда замонавий билим ва тажрибага эга бўлган, мутахассислар тайёрлашда илғор олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Ўйлайманки, ташрифимиз ушбу йўналишдаги ҳамкорлигимизда амалий аҳамиятга эга бўлади, – деди Қозоқ миллий университети ректори Жансейит Туймебаев.

Шундан сўнг меҳмонлар институтда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Атоқли қорақалпоқ шоири ва мутафаккири Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори асосида ташкил этилган Ажиниёз музейида бўлишди. Олий ўқув юрти раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари томонидан олиб борилган тадқиқотлар натижасида яратилган шоирнинг авлодлар шажараси, шунингдек, у яшаган даврга оид китоблар, қимматли қўлёзмалар, тарихий буюмлар ва кийим-кечакларнинг кўргазмалари билан танишишди.

Ал-Фаробий университети ректори музейнинг фахрий меҳмонлар китобига ўзининг эзгу тилакларини ёзиб қолдирди.

Сўнгра меҳмонлар институт ўқув лабораторияларида бўлиб, профессор-ўқитувчилар билан суҳбатлашди. Улар бу ерда талаба-ёшларнинг назарий билимларини мустаҳкамлаш мақсадида яратилган шароитларга юқори баҳо бериб, келгусидаги ҳамкорликда ўқув ва илмий лабораторияларни ташкил этиш, илмий-тадқиқотлар олиб бориш бўйича ўз таклифларини билдиришди.

Ташриф жараёнида ректорлар ва институтнинг тегишли масъуллари расмий учрашув ўтказди. Унда олий таълим муассасалари раҳбарлари Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида ҳар томонлама ҳамкорлик ривожланиб, стратегик иттифоқчилик ва дўстлик муносабатлари янада мустаҳкамланиб бораётганига алоҳида тўхталиб ўтишди.

Таъкидланганидек, бундай ҳамкорлик доирасида олий таълим соҳасида ҳам янги йўналишлар очиш ҳозирги даврнинг асосий талаби ҳисобланади. Дунёнинг нуфузли рейтинг ташкилотлари томонидан “ТОП-163”талик рўйхатга киритилган Ал-Фаробий номидаги Қозоқ миллий университети ва Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти бир неча йиллардан буён самарали ҳамкорликни йўлга қўйган бўлиб, жорий йилнинг февраль ойида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича меморандум имзоланган эди.

[gallery-23447]

Учрашувда меморандум доирасида талабалар алмашинуви ва икки дипломли қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш, профессор-ўқитувчиларнинг малакасини ошириш, институтда Ал-Фаробий университетининг марказини очиш, халқаро ва маҳаллий грант лойиҳаларида профессор-ўқитувчиларнинг ҳамкорликда иш олиб бориши каби масалалар бўйича келгусида амалга ошириладиган ишлар белгилаб олинди.

Тадбир якунида меҳмонларга эсдалик совғалари, жумладан, Ал-Фаробий номидаги Қозоқ миллий университетининг 90 йиллиги муносабати билан тайёрланган “Етакчи университет йилномаси” номли китобнинг қорақалпоқ тилига таржимаси топширилди.  

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),

ЎзА мухбирлари