ОНЛАЙН
Бугун – 4 август куни Тошкент шаҳрида Олий Мажлис Сенатининг йигирма тўққизинчи мажлиси ўз ишини бошлади.
Сенат раиси Танзила Норбоева бошқараётган мажлисда сенаторлар, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари иштирок этмоқда.
Видеоконференсалоқа шаклида ўтаётган мажлисда жойлардаги сенаторлар ва масъул шахслар онлайн қатнашмоқда.
Мажлис кун тартибига 14 та масала киритилган.
Сенат раиси қонунчилик базасини такомиллаштириш бўйича изчил ишлар давом эттирилаётганини қайд этди.
Мажлис кун тартибига ҳам бугунги кунда долзарб аҳамиятга эга бўлган қонунлар киритилган, айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритилмоқда.
Жумладан, «Давлат қарзи тўғрисида», «Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодексини тасдиқлаш тўғрисида». «Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида» қонунлар шулар жумласидандир.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ва бошқа қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши кутилмоқда.
2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2022 йил I ярим йиллиги якуни бўйича бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи эшитилиши, Ички ишлар вазирининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисидаги ахбороти тингланиши ҳамда бошқа масалалар кун тартибидан ўрин олган.
Ялпи мажлисда кўриб чиқиладиган барча масалалар ҳақида батафсил маълумот бериб борилади.
Н.Абдураимова, ЎзА