Мажлисни Сенат раиси Танзила Норбоева кириш сўзи билан очиб, ҳудудлар ободлиги, аҳоли розилиги йўлида кўплаб амалий ишлар қилинаётгани қайд этди. Муҳими, бу борада натижаларга эришилмоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларини комплекс ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча 5 йиллик чора-тадбирлар белгилаб берилди.
– Мазкур қарор қорақалпоқ диёрини обод қилиш йўлидаги охирги йиллардаги саъй-ҳаракатларни янада жадаллаштиради, – деди Сенат раиси. – Президентимизнинг яқинда Қашқадарё вилоятига ташрифи ҳам вилоят ривожида янги марралар олинишига асос бўлди, десак муболаға бўлмайди. Ўтган галги мажлисимизда биз ушбу вилоятда янги туман – Кўкдала туманини ташкил этиш бўйича қарор қабул қилган эдик. Ташриф доирасида Президент ушбу туманда ҳам бўлиб, уни ҳар томонлама ривожлантириш бўйича мисли кўрилмаган даражадаги катта ишларга тамал тоши қўйди.
Қашқадарёни ривожлантириш бўйича ҳам Ҳукумат қарори билан 5 йиллик чора-тадбирлар қабул қилинди.
Ҳудудларга бўлаётган бундай юксак эътибор Сенат аъзоларини хурсанд қилиши билан бирга, сенаторлар ва кенгаш депутатларига масъулият юклаши қайд этилди.
Танзила Норбоева ҳудудлардаги ҳолат ҳақида тўхталар экан, яқинда рўй берган сел тошқинлари оқибатида Жиззах ва Самарқанд вилоятлари аҳолиси талафот кўргани, қурбонлар бўлганига эътибор қаратди. Фурсатдан фойдаланиб, табиий офат оқибатида ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ва яқинларига барча сенаторлар номидан ҳамдардлик билдирди.
Тошқин оқибатларини бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда. Ишонамизки, ҳукуматимиз тез фурсатларда мазкур ҳудудлардаги шарт-шароитлар тўлиқ тикланишини таъминлайди.
Норгул Абдураимова, ЎзА