Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олий Мажлис Сенатининг ишчи гуруҳи Хоразмда
16:23 / 2021-10-07

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги ишчи гуруҳ аҳоли, хусусан хотин-қизлар ва ёшлар учун муносиб турмуш шароитларини яратиш бўйича олиб борилаётган ишларни ўрганиш мақсадида Хоразм вилоятига ташриф буюрди.

Сенат раиси даставвал Урганч шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида бўлди. Мономарказнинг ҳар бир йўналиши бўйича ташкил қилинган ўқув-курсларида яратилган шарт-шароит ва имкониятлар билан танишди. Бу ерда меҳнат бозори талабидан келиб чиққан ҳолда тикувчилик, қандолатчилик, аёллар ва эркаклар сартарошлиги, каштачилик, замонавий элита пардалари тикувчилиги, тадбиркорлик, электр устаси йўналишларида ўқувлар ташкил этилган. Сенат раиси бу ерда хунар ўрганаётган тингловчилар билан суҳбатлашди. Шундан сўнг Сенат ишчи гуруҳи Урганч туманидаги “Туркманлар” маҳалласида жойлашган қадимий “Улли ҳовли” ёдгорлик мажмуасида бўлди.

Тарихий мажмуада Туркман аёллари ва “Аёллар дафтари”да турган тумандаги хотин-қизлар билан учрашув ташкил этилди. Байрамона ташкил этилган мазкур тадбир кўтаринки кайфиятда куй-қўшиқлар ва яллалар билан бошланди. Азиз меҳмонни миллий урф-одатларга кўра турли пишириқ ва ширинликлар билан кутиб олди. Қозоқ миллий маданият маркази вакиллари эса рамзий маънода “келин салом” бадиий кўринишини намойиш этди.

Аёллар билан бўлган очиқ ва самимий мулоқот давомида бугунги шиддатли замонда хотин-қизлар ва ёшлар масалалари долзарблиги кун сайин ортиб бораётгани, шу билан бирга, ечимини кутаётган муаммолар ҳам кўп эканлиги таъкидланди.

Учрашув давомида “Аёллар дафтари”ги киритилган хотин-қизларнинг турмуш шароити яхшиланишига кўмаклашиш мақсадида маиший техникалар тарқатилди.

Ўзбекистон Республикаси Сенати раиси Танзила Норбоева Янгибозор туманидаги "Оча қалъа" маҳалласи аёллари билан ҳам учрашди. “Аёллар маслаҳат кенгаши” аъзолари, маҳалланинг фаол аёллари ва кайвони онахонлар билан хотин-қизлар масалалари, муаммолар, бугун қўлга киритилаётган ютуқлар, ислоҳотлар ҳақида дилдан суҳбатлашди. Қайд этиш лозим, жорий йилда “Аёллар маслаҳат кенгаши” фаолияти давомида 8 та оила яраштирилди, 1 та оилаларда нотинчлик бартараф қилинди, 2 та қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг олди олинди. Маҳалла ҳудудида эса жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этилмади. Суҳбат чоғида жамиятимизда аёллар гендер тенглиги масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

“Оча-қалъа”ликлар билан кечган суҳбатдан сўнг сенат раиси ва ишчи гуруҳи иштирокида Янгибозор туманида янги кутубхона фойдаланишга топширилди. Бугунги кунда китобхонликка бўлган эътибор асосий масалалардан бўлиб келмоқда. Ушбу кутубхона Янгибозор туманида Маънавият ва маърифат масканида жойлашган бўлиб, Алишер Навоий номидаги миллий кутубхонаси билан интернет орқали тўғридан тўғри алоқа ўрнатилган. Кутубхонада юз минг дан зиёд китоб мавжуд. Бепул интернет билан таъминланган.

Янги кутубхонада жажжи болажонлар, ўқувчи-ёшлар шунингдек, бир гуруҳ ижодкорлар иштирокида давра суҳбати ҳам ташкил этилди. Юртдошларимиз кўзидаги қувонч амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ёрқин кўрсаткичидир. Тадбир давомида бугунги ўзгаришлар жараёнининг ҳаракатлантирувчи кучи ва фаол иштирокчиси бўлмиш ёшларнинг кўтаринки кайфияти уларнинг чақноқ кўзларида акс этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева Гурлан туманига ҳам ташриф буюрди. Ташриф давомида халқ депутатлари Гурлан туман Кенгаши котибиятида депутатлар билан учрашди. Очиқ мулоқотда депутат сўрови, жамоатчилик назоратини кучайтириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламига ғамхўрликни ошириш ва бошқа масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Сенат раиси Гурлан туманида “Хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши” аъзолари ва маҳалла раисларининг оила, хотин- қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосарлари билан ҳам учрашди.

Унда хотин-қизлар муаммолари билан ишлаш, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга кўрсатилган амалий ёрдамлар, “Хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши”нинг бугунги кунга қадар амалга оширган ишлари таҳлил қилинди ва келгусида амалга оширилиши режалаштирилган вазифалар белгилаб олинди. Учрашув давомида иш билан банд бўлмаган ва махсус ўқув-курсларида тикувчилик хунарини ўрганган аёлларга тикувчилик машиналари топширилди.

Ишчи гуруҳи Урганч шаҳрига қайтгач вилоят ҳокилигида халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгаши депутатлари билан учрашди. Учрашув давомида вилоятда аҳоли, айниқса аёллар ва ёшлар бандлигини таъминлаш, ҳудудлардаги муаммоларни бартараф қилишда депутатлик сўровларидан кенгроқ фойдаланиш, сенат томонидан белгилаб берилган 30 та масала юзасидан мутасадди раҳбарларнинг ҳисоботларини ўз вақтида тинглаб бориш, шунингдек маҳаллий бюджет маблағларини тўғри ва адолатли йўналтириш, шунингдек, сарфаланишини ҳам назорат қилиб бориш юзасидан таклиф ва кўрсатмалар берилди.

Ўрганишлар вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам давом этмоқда.

Аҳмаджон Шокиров, ЎзА