Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олий Мажлис Сенатининг 2020 йилдаги фаолияти ва 2021 йилга мўлжалланган устувор вазифалари кўриб чиқилди
10:49 / 2021-02-05

Парламент юқори палатасининг ўн иккинчи ялпи мажлиси кун тартибидаги навбатдаги масала – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2020 йилдаги фаолияти ва 2021 йилга мўлжалланган устувор вазифалари кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати 2020 йилда Конституция ва қонунларда белгиланган ваколатлари, қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2020 йил январда парламент палаталарида сўзлаган нутқлари ҳамда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида акс этган вазифалардан келиб чиқиб фаолият юритди.

Қонунчилик йўналишида 71 та қонун кўриб чиқилди. Шундан 65 та қонун маъқулланди, 6 таси рад этилди. Уларни ҳудудлар манфаатлари нуқтаи назаридан танқидий-таҳлилий кўриб чиқишга алоҳида эътибор қаратилди. Қонунлар олимлар, экспертлар, тажрибали амалиётчиларни жалб қилган ҳолда қўмиталар ҳузурида тузилган ишчи гуруҳлар томонидан, маҳаллий Кенгашларда муҳокама қилинди.

Яна бир жиҳат. Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид муаммоларни ўрганиш якунлари бўйича Ҳукуматга 3 мингдан ортиқ масалалар ҳал этиш учун киритилди. Мазкур таклифлар асосида 2021 йилги Давлат бюджети параметрлари ва инвестиция дастурлари доирасида 8 трлн. сўмдан ортиқ маблағ ажратилишига эришилди.

Қолаверса, парламент назорати доирасида қатор вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбарлари, ҳокимларнинг ҳисобот ва ахборотлари эшитилди.

Ўзбекистоннинг хорижий давлатдаги дипломатик ваколатхонаси раҳбарининг ҳисоботини эшитиш амалиёти йўлга қўйилиб, 10 нафар элчининг ҳисоботи эшитилди.

Ҳар чоракда Ҳукуматнинг ҳамда молия вазирининг Давлат дастури ижросининг бориши ва Давлат бюджети ижроси тўғрисидаги ҳисоботлари муҳокама этилди.

Сенат қўмиталари томонидан назорат-таҳлил фаолияти доирасида 49 та ўрганиш ўтказилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ҳукумат аъзолари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга 13 та парламент сўрови юборилди. Сенаторлар томонидан жойлардаги долзарб ижтимоий-иқтисодий масалалар, аҳолини ташвишга солаётган муаммолар юзасидан мутасадди вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбарларига қарийб 400 та сўров юборилди.

Бундан ташқари, жисмоний ва юридик шахсларнинг 14 376 та мурожаати кўриб чиқилди. 3 мингга яқин мурожаат алоҳида назоратга олиниб, атрофлича ўрганилди. Жумладан, 2 мингдан зиёд мурожаат бўйича муаллифларга тушунтириш берилди, 700 га яқин ариза ва шикоятлардаги масалалар асосли деб топилиб, ижобий ҳал этилди.

Халқаро парламент муносабатлари доирасида хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар, халқаро молия тузилмалари ва бизнес вакиллари билан ўтказилган 80 дан зиёд учрашувларда ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Хорижий давлатлар парламентлари билан алоқаларни тизимли равишда ривожлантириш мақсадида 40 дан зиёд парламентлараро гуруҳлар тузилди.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятига кўмаклашиш йўналишида 13 та қонунга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, маҳаллий Кенгашларнинг ваколатлари кенгайтирилди. Барча даражадаги маҳаллий Кенгашларда алоҳида котибиятлар ташкил этилди, Сенат Кенгаши қарори билан уларнинг намунавий низоми ва тузилмаси тасдиқланди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2021 йилга мўлжалланган устувор вазифалари тўғрисида ахборот берилди.

Сенат қўмиталари ва девони “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастуридан келиб чиқиб, Сенатнинг Ҳаракатлар дастурини ишлаб чиқиши, унда коронавирус пандемиясига қарши кураш ва унинг оқибатларини бартараф этиш, бунда эпидемиологик вазиятни барқарорлаштириш, касалликка қарши оммавий эмлаш тадбирларини ўтказиш, ижтимоий-иқтисодий соҳа ва тармоқлар ҳамда ҳудудларни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишларни доимий ўрганиб бориш зарурлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида белгиланган вазифаларнинг ҳаётга татбиқ этилишини таъминлаш, яъни ҳудудларда ёшлар масалалари ва соғлиқни сақлаш муаммоларини тизимли равишда ўрганиш ва ҳал этиш ишларини янада кучайтириш, “Ёшлар дафтарига” киритилганлар билан ишлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарларга ўргатиш, кафолатланган ижтимоий ёрдамдан тўлиқ фойдаланишига кўмаклашиш, бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш бўйича комплекс ёндашув ва ностандарт усулларни жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги билдирилди.

Қонунчилик фаолиятини янада самарали ташкил этиш, назорат-таҳлил тадбирлари натижадорлиги оширилишини таъминлаш, парламент назорати доирасидаги тадбирларда Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар, қолаверса, ҳудудлар раҳбарлари иштирокини таъминлаган ҳолда аҳолини ташвишга солаётган муаммоларга тезкорлик билан ечим топиш чораларини кўриш, белгиланган вазифалар ижросига фақатгина вазирлик ва идоралар томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида баҳо бермасдан, балки, муқобил манбалардан фойдаланиш, мустақил изланишлар олиб бориш, шу жумладан, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни кучайтиришга устувор аҳамият қаратиш зарурлиги қайд этилди.

Шунингдек, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятига кўмаклашиш, халқаро ва парламентлараро ҳамкорлик муносабатларини янада кенгайтириш, халқ билан мулоқот, хусусан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш, ОАВ, жумладан ижтимоий тармоқларда кўтарилган муаммоларга муносабат билдириш, зарур ҳолларда муаммо ечимига бевосита масъул бўлган мутасадди вазирлик ва идора раҳбарларининг ахборотини Сенат ёки қўмита мажлисларида эшитишга доир таклиф ва ташаббусларни илгари суриш лозимлиги таъкидланди.

Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенатининг

Ахборот хизмати