Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан шу кунларда давлат ва хўжалик бошқаруви органларида 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш кунига бағишланган “Очиқ эшиклар куни” ўтказилмоқда.
Навбатдаги ана шундай тадбир Олий Мажлис Қонунчилик палатасида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, талабалар, оддий фуқаролар ҳамда оммавий ахборот воситаси вакиллари иштирокида ўтказилди.
Таъкидлаш жоизки, бу каби тадбирлар давлат органлари фаолиятининг очиқлиги, жамоатчилик ва фуқаролар олдида ҳисобдорлигини таъминлаш ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимларини қизиқтирган саволларига жавоб олиш мақсадида ташкил этиляпти.
Учрашувда меҳмонларга Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг фаолияти, парламент қуйи палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари ва қўмиталари иш услублари хусусида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, иштирокчилар парламентаризм соҳасига оид янгиликлардан ҳам хабардор бўлди. Шу билан бирга, хорижий мамлакатларнинг парламент вакиллари билан парламентлараро ҳамкорликни янада чуқурлаштириш мақсадида тузилган дўстлик гуруҳлари фаолияти билан ҳам танишилди.
Иштирокчилар Қонунчилик палатасида ташкил этилган “Парламент музейи”да бўлиб, керакли саволларига жавоб олди.
Барча иштирокчиларга Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг эсдалик совғалари топширилди.
М.Қудратуллаева, ЎзА