Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олий Мажлис депутати ўрганишлар олиб борди
11:30 / 2026-03-02

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Нодира Рашидова Қорақалпоғистон Республикасининг бир қатор туманларида бўлиб, жойларда амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Дастлаб депутат Қорақалпоғистон тиббиёт институтида “Огоҳ бўлинг, фирибгар!” мавзусида ўтказилган ҳуқуқий-тарғибот тадбирида иштирок этди. Учрашув талаба-ёшлар ўртасида учраётган фирибгарлик жиноятларининг олдини олиш, уларнинг рақамли хавфсизлик бўйича билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашга қаратилди. Давра суҳбатида соҳа мутахассислари томонидан юртимизда кузатилаётган фирибгарлик ҳолатлари, уларнинг замонавий кўринишлари ҳамда ҳимояланиш усуллари ҳақида батафсил тушунтиришлар берилди.

Шундан сўнг депутат Қорақалпоғистон Қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришда минерал ўғитлар ва бошқа озуқа ресурсларининг ўрни” мавзусида ташкил этилган семинарда иштирок этди.

Тадбирда қишлоқ хўжалигининг мамлакат иқтисодиётидаги стратегик аҳамияти алоҳида таъкидланди. Хусусан, соҳанинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлигини ошириш, ички бозор барқарорлигини сақлаш ҳамда экспорт салоҳиятини мустаҳкамлашдаги ўрни юзасидан фикр алмашилди. Минерал ўғитлардан оқилона ва самарали фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини сақлаш, замонавий агротехнологияларни кенг жорий этиш бўйича мутахассисларнинг таклиф ва мулоҳазалари тингланди.

Нодира Рашидова Нукус шаҳридаги “Жийдели Байсин” ва “Амударя” маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлиб, маҳалла еттилиги билан учрашди. Ҳудуддаги мавжуд муаммолар, хусусан, хизмат кўрсатиш шохобчаларини йўлга қўйиш, аҳоли учун қулай инфратузилма яратиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Шунингдек, депутат Қонликўл туманига ҳам ташриф буюриб, тумандаги техникум ҳамда 1-сон умумтаълим мактабида яратилган шарт-шароитлар кўздан кечирилди.

Сафар якунида туман тиббиёт бирлашмаси ҳузурида янгидан қуриб битказилган, қиймати 1 миллиард 500 миллион сўмлик замонавий шошилинч тез ёрдам бўлими — Emergency Департаментнинг очилиш маросимида иштирок этилди. Мазкур бўлимнинг ишга туширилиши беморларга ўз вақтида ва сифатли шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш имкониятини янада кенгайтиради.

Илгари махсус ҳудудларга ажратилмаган маскан эндиликда касаллик даражасига қараб “қизил”, “сариқ” ва “яшил” ҳудудларга бўлинган ҳолда фаолият юритади. Замонавий тиббий ускуналар ва малакали кадрлар билан таъминланган янги бўлим аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.