Бухоро вилояти мактабгача таълим ташкилотларида олий маълумотли педагоглар улуши 39,4 фоизга етди. Бу ҳақида Бухоро вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси Ахборот хизмати маълум қилди.
2017 йилда вилоятдаги мактабгача таълим ташкилотларида 3537 нафар педагог фаолият юритган бўлса, уларнинг 935 нафари, яъни 26,4 фоизини олий маълумотли кадрлар ташкил этган. Кейинги йилларда тизим фаолияти самарадорлигини ошириш борасида олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида педагог кадрлар салоҳияти ҳам сезиларли даражада оширилди.

Айни пайтда вилоятдаги мактабгача таълим ташкилотларида 11 278 нафар педагоглар фаолият олиб бораётган бўлса, уларнинг 4 404 нафари, яъни 39,4 фоизи олий маълумотга эга. 6 874 нафари, яъни, 60,6 фоизи ўрта-махсус маълумотли педагогларни ташкил этмоқда.
–Бугунги кунда педагогларнинг 1 нафари олий тоифа, 42 нафари биринчи, 478 нафари иккинчи, 3 434 нафари эса мутахассис малака тоифасига эга, – дейди бошқарма бошлиғи ўринбосари Ҳидоят Жумаева. –Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонида педагог кадрларнинг салоҳиятини янада ошириш ва шу орқали тизимда таълим сифати самарадорлигини юксалтириш борасида мақсадли ишлар амалга оширилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори асосида педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган 2-4-босқич талабалари учун ҳафталик ўқув машғулотлари “4+2” тартибида, яъни, дарсларнинг тўрт куни олий таълим муассасасида, икки куни мактабгача таълим ташкилотларида амалиёт ўташ тартибида олиб борилиши белгиланган. Бу борада Бухоро давлат педагогика институти билан ҳам ўзаро ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган.
Зариф КОМИЛОВ, ЎзА