Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси томонидан Таиланднинг Бангкок шаҳрида “Олий аудит органлари ва коррупцияга қарши курашиш идоралари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш” мавзусида халқаро минтақавий семинар ўтказилмоқда.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг вакиллари ҳам иштирок этмоқда.
Ушбу семинар БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Aбу Даби декларацияси дастури доирасида бўлиб ўтмоқда.
Aбу Даби декларацияси дастури БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси томонидан БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси ҳамда Барқарор ривожланиш мақсадларининг ижросини таъминлаш учун 2021 йилда ишга туширилган. Унда коррупцияга қарши курашишда олий аудит органларининг ролини ошириш ва уларнинг коррупцияга қарши курашиш органлари билан ҳамкорлигини кучайтириш вазифаси ҳам қамраб олинган.
Бангкокда ўтаётган халқаро минтақавий семинар АЗОСАИ ташкилотига аъзо мамлакатлар олий аудит органлари ҳамда коррупцияга қарши курашиш миллий муассасаларининг вакилларини жамлаган. Тадбир ушбу соҳадаги энг янги концепция ва сўнгги амалий ишланмаларни очиқ форматда муҳокама қилиш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилади.
Семинарнинг вазифаси миллий, минтақавий ва халқаро даражада Олий аудит органлари ҳамда коррупцияга қарши курашиш идоралари ўртасидаги мулоқотни кучайтириш, ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилашдан иборат.
ЎзА