Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 25 июлдаги «Давлат органлари ва ташкилотларда ижро интизомини янада мустаҳкамлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида ижро интизоми юзасидан жамоатчиликка ҳисобот бериш тартиби йўлга қўйилди.
Фармон ижроси доирасида Олий аттестация комиссияси фаолиятига тааллуқли масалалар юзасидан илмий-педагогик жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда Олий аттестация комиссияси раиси А.Юсупов ташкилотга берилган топшириқлар ижроси юзасидан батафсил маълумот берди. Ижро интизоми бўйича бевосита биринчи раҳбар ҳузурида масъул ходимларнинг ҳар иш кунида ҳисобот бериши, ҳафта якуни бўйича ижро интизоми умумий муҳокама қилиниши ва ой якуни бўйича ОАК Раёсатида маълумот берилиши тизимли равишда ташкил этилганини билдирди.
Жорий йилнинг учинчи чораги бўйича ОАК фаолиятига доир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 та фармони ва 2 та қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 1 та қарори, Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси Ҳукуматлари ўртасида имзоланган Битим ҳамда Ҳукумат топшириғи бўйича 1 та баёнда белгиланган топшириқлар ижроси тўлиқ таъминлангани тегишли ҳужжатлар асосида кўрсатиб ўтилди.
Маълумот учун айтиш керакки, жорий йилнинг биринчи ва иккинчи чораклари бўйича ижро интизоми тўлиқ таъминланган.
Н.Усмонова,
ЎзА