Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Афғонистон, Марказий Осиё, Эрон ва Покистон бўйича минтақавий вакили Оливер Столпе билан учрашди.
Учрашувда ўзаро ҳамкорлик доирасида эришилган натижалар сарҳисоб қилиниб, келгусидаги ҳамкорлик йўналишлари, янги мақсад ва режалар муҳокама қилинди.
А.Бурҳонов Ўзбекистоннинг коррупцияга қарши курашиш сиёсатида халқаро ҳамкорлик устувор йўналишлардан бири эканлигини қайд этди. Бу борада БМТ тузилмалари, хусусан, Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси доимо Агентлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаб келаётгани учун миннатдорлик билдирди.
БМТнинг минтақавий платформаси доирасида замонавий тажрибаларни алмашиш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашда сезиларли ютуқларга эришилаётганини алоҳида таъкидлади.
О.Столпе Ўзбекистоннинг аксилкоррупция сиёсатидаги муҳим ислоҳотлар, хусусан, очиқлик ва ҳисобдорликни таъминлаш, коррупциянинг олдини олишга қаратилган янги превентив механизмларни жорий этиш, соҳада рақамлаштиришни ривожлантириш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга юқори баҳо берди.
Айниқса, Ўзбекистоннинг 2030 йилгача коррупцияга қарши курашиш бўйича стратегия лойиҳасида белгиланган мақсадлар, ёшлар орасида коррупцияга нисбатан муросасизликни шакллантириш, жумладан, БМТнинг ГРАCЭ дастурини амалга ошириш ишларининг ижобий самарасига ишонч билдирди.
Бундан ташқари, бизнесда ҳалоллик ва хусусий секторда коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳамкорликни кучайтириш лозимлигига ҳам урғу берди.
Мулоқот якунида О.Столпе Агентлик томонидан ҳамкорликнинг турли йўналишлари бўйича илгари сурилган ўзаро манфаатли таклифларни қўллаб-қувватлаб, уларни истиқболда амалга оширишга тайёр эканлигини билдирди.
Н.Абдураимова, ЎзА