Навоий вилоятининг олис Учқудуқ туманида “Ишонч-Феруз” хусусий корхонаси томонидан янги меҳмонхона қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Мазкур мажмуанинг умумий лойиҳа қиймати 8 миллиард сўм бўлиб, қурилиш ишлари корхонанинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилган. 37 ўринга мўлжалланган, 17 та хонадан иборат меҳмон уйи бетакрор меъморий кўриниш, яратилган қўшимча қулайликлар, автотураргоҳ, ошхона ва юқори даражадаги сервис хизмати билан Учқудуқ туманидаги бошқа меҳмонхоналардан алоҳида ажралиб туради. Бу ерда 10 дан ортиқ янги иш ўрни яратилган.


– Ҳозирда туризм соҳасига қаратилаётган эътибор, қолаверса, тадбиркорларга яратилган кенг имкониятлар туфайли ўнлаб йўналишларда фаолият юритмоқдамиз. Меҳмонхона соҳаси биз учун янги йўналиш, лекин мўъжаз Учқудуққа турли ҳудудлардан, ҳатто бошқа мамлакатлардан кўплаб меҳмонларнинг ташриф буюришини эътиборга олиб, шу соҳага қўл урдик, – дейди тадбиркор Ҳусниддин Нормуродов.


Бугунги кунда “Ишонч-Феруз” хусусий корхонаси қурилиш, савдо-маиший хизмат кўрсатиш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, чорвачилик сингари ўнлаб йўналишларда фаолият юритади. Корхонада 50 дан ортиқ доимий, 100 дан ортиқ мавсумий иш ўрни яратилган.
А.Бўриев, ЎзА мухбири