Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олис тоғли қишлоқдаги фуқаронинг уйига бориб никоҳ гувоҳномаси топширилди
18:11 / 2024-02-15

Бир пайтлар маҳалла идорасидан биттагина маълумотнома олиш учун қанча оворагарчилик бўларди. Эсимда, пойтахтдаги нуфузли университетнинг тайёрлов курсида ўқиётганимда талабалар шаҳарчасига вақтинчалик рўйхатга киришим учун яшаш жойидан маълумотнома сўрашган. Шунда пойтахтдан Қаршига келиб, котибасига тўрт-беш сўм “қистириб” (изоҳ: бу пул бланка- қоғоз учун дейилган) маълумотномани ёздириб, раисни излаб топиб, печат қўйдириб қайтганман...

Лекин бугун вазият ўзгарди. Давлат идоралари халққа хизмат қилишни бошлади. Бир неча юзлаб турдаги давлат хизматлари электрон кўринишда ҳам кўрсатилмоқда. Ҳозир қандайдир маълумотнома олиш учун давлат идораси эшиги олдида сарғайиб ўтиришга ҳожат қолмади. Хонада ўтирган ҳолда ҳам бемалол олиш мумкин. 

Яқинда Деҳқонобод туман адлия бўлими вакиллари билан бирга ҳудуднинг тоғли қишлоқларини айланиб, бир нечта фуқароларга никоҳ ва туғилганлик гувоҳномаларини топшириб келдик. 

Машаққатли, баланд- паст тоғ йўли. Техника қийинчилик билан юқорига ўрмалайди. Борадиган манзилимиз туман марказидан салкам 200 километр узоқликдаги Терсоқар қишлоғи эди. Тош йўллар ҳаракатимизни қийинлаштиради. Айниқса, адлия бўлимининг сайёр давлат хизматлари кўрсатишга мўлжалланган “Дамас” машинаси тоғ йўлларида қийналади. 

Ниҳоят айтилган манзилга етиб бордик. Шу қишлоқлик Обид Раҳимовнинг хонадонидамиз. Ёшгина йигит тақдир тақозоси билан, жаҳл устида жиноятга қўл уриб, маълум вақт панжара ортида жазо ўтаб қайтишига тўғри келди. Ўшанда эндигина уйланган қаҳрамонимиз шароит тақозоси билан никоҳини қонунийлаштиришга ҳам улгурмаган эди. Уйга қайтганида фарзанди туғилган, аммо унга туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ҳам берилмади. Йўл машаққати, анча пайт қаровсиз қолган рўзғор, турмуш ташвишлари ушбу ҳужжатларни олишга монелик қилаётганди. Лекин туман адлия бўлимининг ташаббуси билан республика миқёсида ўтказилаётган “Ҳеч бир шахс ҳужжатсиз қолмайди” ҳуқуқий акцияси доирасида ўтказилган хатловга Обид Раҳимов ҳам киритилди ва мутасаддиларнинг иштирокида турмуш ўртоғи иккисига никоҳ, фарзандига эса туғилганлик гувоҳномаси сайёр тартибда топширилди. 

– Озгина англашилмовчилик сабаб озодликдан маҳрум этилдим ва оилам бағридан узоқда қолдим, – дейди О.Раҳимов. – Мана қоронғу кунлар ҳам ортда қолди. Очиғи, фарзандимни уйга қайтгач кўрдим. Унинг ширин табассумини ҳеч нарсага алишмайман. Лекин никоҳ гувоҳномамиз ҳам, фарзандимнинг туғилганлик гувоҳномаси ҳам йўқ эди. Туман адлия бўлим вакиллари барака топишсин, муаммомизни тез фурсатда ҳал қилиб беришди. Уларнинг ўзи уйимизга келиб, ҳужжатларни топишди. Бундан аёлим ҳам, мен ҳам жуда миннатдормиз. 

[gallery-15982]

Туман фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш бўлими, Давлат хизматлари маркази, Ички ишлар ҳамда туман адлия бўлимлари масъулларининг олис ҳудудларда фуқаролар билан юзма-юз учрашувлари нафақат уларнинг мурожаатларига ечим топилишига, балки узоғининг яқин бўлишига ҳам хизмат қилмоқда. 

Худди шундай туманнинг Деҳқонобод маҳалласида яшовчи 92 ёшни Улдон момо Қурбонсаидованинг ҳам туғилганлик гувоҳномаси билан боғлиқ муаммо туфайли пенсияси тўхтатиб қўйилган эди. Муаммо туман ФҲДЁ бўлими томонидан қисқа фурсатларда ҳал қилиб берилди. 
–- Ўтган йили декабр ойидан пенсиямни тўхтатиб қўйишди, – дейди Улдон момо Қурбонсаидова. –- Гувоҳноманг йўқ, дейишди. Гувоҳномамнинг аслини ҳам обордим. Барибир ишим битмагач, туман ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилдим, икки кунда муаммом ҳал бўлди. Мана, бугун ўзлари уйимга олиб келиб ҳужжатимни топширишди.

– Ҳозирги кунда Адлия вазирлиги томонидан ўтказилаётган “Ҳеч бир шахс ҳужжатсиз қолмайди” ҳуқуқий акцияси доираси тумандаги хатловдан ўтказилган фуқароларга ҳужжатлари тайёрланиб, кўпчилигига сайёр тартибда топширилмоқда, – дейди туман адлия бўлими бошлиғи Убайдулло Алибоев. – Фуқаро Қурбонсаидова Улдон момонинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси туман ФҲДЁ органи архивида қайд этилмаган. Гувоҳнома электрон базада чиқмаганлиги сабабли ушбу фуқаронинг ёшга доир пенсияси тўхтаб қолган. Шу сабабли мурожаати ўрганиб чиқилди. Сўнг гувоҳномаси янгидан тайёрланди. Архив ҳужжати қайтадан тикланди. Фуқаронинг бугунги кундаги мурожаатига асосан тўланмай қолган пенсия пуллари жорий йилнинг март ойида тўланиши белгиланди. 

Албатта, муаммоларни уйма -уй ўрганиш ва уларга ечим топиш ижобий натижа бермасдан қолмайди. Бугун олис ҳудудларга қадар кириб бораётган давлат хизматлари, ҳуқуқий тарғибот ишлари тоғликларда ҳам ижобий таассуротлар қолдирмоқда. 

– Ўтган 2022-2023 йиллар давомида туман марказидан узоқда бўлган ҳудудлардаги ҳужжати бўлмаган 200 нафардан ортиқ фуқарога никоҳни қайд этиш, туғилганлик, вафот этганлик тўғрисидаги гувоҳномалар топширганмиз,– дейди туман ФҲДЁ раҳбари Озода Ашурова. – Шуларнинг асосий қисми сайёр тартибда топширилган. Бугунги кунда Адлия вазирлигининг “Ҳеч бир шахс ҳужжатсиз қолмайди” ҳуқуқий акцияси доирасида ҳам туман Адлия бўлими, Юридик марказ, Давлат хизматлари маркази, ФҲДЁ бўлимлари биргаликда сайёр тартибда маҳаллаларда хатлов ўтказиб, ҳужжатлар сайёр тартибда топширилмоқда. Масалан, туманимиз тарқоқ жойлашган. Энг яқин маҳалламиз 40-50 километр. Энг узоғи 250 километргача. Шу боис олис қишлоқларда ҳалигача шаръий никоҳ туфайли вақтида туғилганлиги ёки вафот этганлик гувоҳномаларини ололмаётган фуқаролар аниқланмоқда ва ҳужжатлари қисқа фурсатда тайёрлаб берилмоқда. 

Тўғри, ҳудудларга чиқишда машаққатлар бўлмасдан қолмайди. Бироқ халқнинг оғирини енгил қилиш, муаммоларни жойига бориб ўрганиш бугунги ислоҳотлардаги устувор жиҳатлардан бири ҳисобланади. 

Таъкидлаш лозимки, Қашқадарё вилоятида жорий йилнинг 20 январидан 20 март кунига қадар “Ҳеч бир шахс ҳужжатсиз қолмайди” ҳуқуқий акцияси ўтказилмоқда. 

Маълумотларга кўра, акция давомида 173 та маҳаллада ўтказилган хатлов натижасида 1 минг 540 нафар ҳужжатга эга бўлмаган фуқаро аниқланган ва 1 минг 135 нафарига тегишли ҳужжатлар расмийлаштириб берилган. Хусусан, Давлат хизматлари марказлари орқали 300 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти қайта рўйхатдан ўтказилган. 

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари