Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани Кўл қишлоғида яшовчи Насима Баҳодирова бу йил тўртинчи баҳорини қарши олди. У бугун қишлоқдошлари орасида биринчилардан бўлиб, боғчага қабул қилинди. Унинг порлаб турган мунчоқ кўзлари, юзидаги табассумидан жуда хурсанд эканини англаш қийин эмас.
Тарихи 3 минг йилга бориб тақаладиган Кўл қишлоғи Шаҳрисабз тумани марказидан қарийб 90 километр узоқликда, қорли тоғлар бағрида жойлашган. Мазкур қишлоқнинг табиати фусункор, зилол сувли булоқлари мўл. Аммо қишлоқнинг Насима каби болажонлари шу кунгача мактабгача таълимдан бебаҳра эди. Ҳайбатли тоғлар бағридаги қишлоқда бунёдкорлик масалалари гўёки хаёлий бир орзу эди.
Кейинги йилларда олис қишлоқларга қаратилаётган эътибор, у ердаги аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш йўлидаги ислоҳотлар шабадаси Кўл қишлоғига ҳам етиб, дастлаб замонавий умумтаълим мактаби, кейинроқ тиббиёт муассасаси ва ниҳоят узоқ йиллик орзулар рўёби бўлган муҳташам болалар боғчаси фаолияти йўлга қўйилди. Энг муҳими муассасадаги шарт-шароитлар шаҳар боғчаларидан заррача фарқ қилмайди, кенг ва шинам хоналар болалар ихтиёрига берилган.
Болажонлар учун ҳаяжонли лаҳзалар. Шу боисдан ўйингоҳда ҳам ўзларини бироз ҳадик, эҳтиёткор тутмоқда. Қишлоқ тарихида биринчи бор ташкил этилган мазкур муассаса болалар каби катталарни ҳам ҳаяжонга солмасдан қолмади.
[gallery-19259]
– Аҳолимиз Президентимиздан жуда миннатдор. Боиси олис тоғлар орасидаги бу каби шароитларнинг яратилиши ҳақида айтсангиз ҳеч ким ишонмайди, – дейди шу қишлоқлик фахрий Нурулло бобо Сафаров. – Бундан 5-10 йил аввал қишлоғимизни биров билмасди, танимасди. Қишда 6 ойлаб пастга туша олмасдик. Йўлларни қор қоплаб қоларди. Мана қаранг, қишлоғимизга келадиган йўллар текисланиб, асфальт қилинди. Қор тозалаш учун бульдозер ажратилди. Икки қаватли замонавий мактаб, икки қаватли замонавий боғча, икки қаватли қишлоқ врачлик пункти қуриб берилди. Керакли жиҳозлар билан таъминланди. Авваллари узоқдаги қариндош уруғ, ошна оғайниларимиз фақат ёз пайтларидагина бир икки келиб кетишарди. Замонани қаранг, ҳозир йил ўн икки ой қишлоғимиздан меҳмонларнинг қадами узилмайди. Мана бундай замонавий боғча қурилишини одамларимиз фақатгина хаёл қиларди. Бугун ўша амалга ошмайди барибир, деган хаёлларимиз рўёбга чиқди. Бўлаётган бу каби бунёдкорлик ишларини кўриб фақатгина шукрона келтиришимиз керак. Юртимиз ҳамиша тинч ва ҳаётимиз фаровон бўлсин. Мустақиллигимизга кўз тегмасин.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ажратилган 4,5 миллиард сўм маблағ эвазига қурилган 2 қаватли, 120 ўринли мазкур муассаса қишлоққа алоҳида зеб берди, дейди биз билан суҳбатда одамлар мамнунлик билан.
Муассасанинг тантанали очилиш маросими ҳам ҳаяжонларсиз ўтмади. Илк бор боғча ҳовлисига қадам қўяётган болалардан тортиб, боласини шу муассасага беришга иштиёқманд ота-оналар ҳам бу янгиликни катта хурсандчилик билан қарши олди. Бир сўз билан айтганда мустақиллигимизнинг 33 йиллиги кўлликлар ҳаётида унутилмас саҳифалар очиб, келажакка бўлган умидини янада юксалишига хизмат қилмоқда.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари