Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани Ҳазара маҳалласи туман марказидан қарийб 50 километр масофада жойлашган бўлиб, ҳудуд аҳолиси шу кунга қадар сифатли тиббий хизматдан қийналиб келарди.
Маҳалладаги мавжуд тиббиёт пункти маънан эскирган бўлиб, аҳолига бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш учун ҳам етарлича имкониятларга эга эмасди.
Мамлакатимиз мустақиллигининг 33 йиллиги арафасида 38-сонли “Ҳазара” оилавий поликлиникасининг замонавий биноси фойдаланишга топширилиши ҳазараликларнинг узоқ йиллик муаммоларига ечим бўлди.
50-йилларда қурилган тиббиёт пункти кейинги йилларда аҳолига етарлича тиббий хизмат кўрсата олмаётган эди. Бюджет маблағи эвазига қайта реконструкция қилиниб, қўшимча бино қурилиб қамрови кенгайтирилган тиббиёт пунктида сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун барча қулайлик яратилди. Пунктда УЗИ, ЭКГ, лаборатория текшируви, физиотерапия, стоматология каби замонавий тиббий хизматлар ҳам ташкил қилиндики, ҳазараликлар бундан бениҳоя мамнун.
– Чекка бир қишлоқда мана шундай замонавий тиббиёт масканининг барпо этилиши бизни жуда қувонтирди,–- дейди ҳазаралик фахрий Шокир Мейлиев. – Илгари неча километрга қатнаб қийналиб юрардик.Бу ерда тез ёрдам хизмати ҳам бор. Тишни даволаш ускуналари ҳам келтирилибди. Ҳар хил текширув аппаратлари ҳам келган. Аҳолининг сони жиҳатидан олганда мавжуд жойлар торлик қиларди. Даволаниш жойида аёл ҳам, эркак ҳам бирга ( ўртада парда тортиб қўйиб) даволанишарди. Мана, ҳозир катталар ва болалар учун алоҳида хоналар мавжуд.
Дарҳақиқат, Президентимизнинг ташаббуси билан Шаҳрисабз туманида тиббиёт соҳасида кейинги йилларда кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилди. Тоғли қишлоқларда шифокорлик участкалари бунёд этилди. Тоғолди ҳудудларда ҳам замонавий оилавий поликлиникалар қурилди.
Умумий қиймати 4,5 миллиард сўм бўлган оилавий поликлиника биноси қишлоқ аҳлига мустақиллик байрами олдидан ажойиб туҳфа бўлди. Туман ҳокими Самад Ҳасанов бошчилигида кенг жамоатчилик вакиллари тиббиёт пунктининг очилиш маросимида иштирок этиб, аҳоли вакилларини байрам билан қутлади. Олис қишлоқларда замонавий тиббиёт муассасалари барпо этилаётгани юртимиздаги тинчлик ва Президентимизнинг халқпарвар сиёсати натижаси экани алоҳида таъкидланди.
Шу куни Ҳазара қишлоғига ёндош Аччиғи қишлоғида 38-сонли “Ҳазара” оилавий поликлиникасининг филиал биноси ҳам замонавий қиёфа касб этган ҳолда очилди. Ушбу филиалда ҳам барча шарт-шароит яратилди.
– Мустақиллигимизнинг 33 йиллиги муносабати билан Шаҳрисабз тумани тиббиёт бирлашмасида жуда катта байрамона руҳ ҳукмрон, – дейди Шаҳрисабз туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари Зафар Эсонов. – Ҳукуматимизнинг тиббиётга қаратаётган алоҳида эътибори сабаб тизимда шу қадар катта ўзгаришлар бўляптики, тиббиёт халққа тобора яқинлашмоқда. Жумладан, Ҳазара қишлоғида 38-оилавий поликлиника ва унга ёндош Аччиғи қишлоғида филиалининг очилиши шу ерлик аҳоли учун жуда фойдали бўлди. Элнинг тиббиётдан рози бўлишини ўйлаб, 50-йилларда қурилган бинолар бузилиб, янги замонавий бинолар ва асбоб-ускунлар билан таъминланди. Энди аҳоли узоқ масофа босиб туман марказига қатнашига ҳожат қолмади. УЗИ, ЭКГ аппаратлари, физатерапия муолажалари, стоматолог хизмати, замонавий лаборатория анализаторлари шу ернинг ўзида муҳайё. Кундузги стационар даволаниш учун халқимизга жуда қулай. Энди ўта оғир касалларгина туман марказига бормаса, қолган ҳолатда марказга боришга ҳожат йўқ. Ушбу лойиҳаларга 7 миллиард сўмга яқин маблағ сарфланди. Биздан эса фақат хизмат қилиш қолди.
[gallery-19085]
Маълумотларга кўра, туманда бугунги кунда 24 та давлат тиббиёт муассасаси томонидан охирги 3 йилликда аҳоли учун 13 миллиард 590 миллион сўмликдан ортиқ тиббий ёрдам кўрсатилди.
Туман марказий шифохонаси ҳамда унинг тасарруфидаги 12 та объектни янгидан қуриш ва таъмирлаш учун 45 миллиард сўм сарфланди.
Ҳозирги кунда эскирган “Дамас” автомашиналарининг ўрнига 6 та Wolsfagen русумли тез тиббий ёрдам машиналари олиб келинди.
Туман аҳолисига тиббий хизмат сифатини ошириш мақсадида тиббиёт муассасалари Осиё тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан 2,9 миллиард сўмлик тиббий ускуналар билан таъминланди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари