Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олис шаҳарларнинг яқин ҳамкорлиги мамлакатлар тараққиётига хизмат қилади (+видео)
17:08 / 2025-07-08

Бугун дипломатиянинг расмий бўлмаган шундай шакллари ривожланмоқдаки, улар ҳам мамлакатлар тараққиётига ҳар томонлама хизмат қилмоқда. Халқ дипломатияси, биродарлашган шаҳарлар атамалари тилимиз учун янгилик бўлмай қолди.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар тажрибасида шаҳарлар ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкамланишига алоҳида эътибор қаратилади. Бундай алоқалар халқаро миқёсдаги барқарорликни янги босқичга олиб чиқмоқда.

ШҲТнинг кейинги учта – Душанбе, Самарқанд ва Деҳли саммитлари якуний ҳужжатларида Марказий Осиё ташкилотнинг асоси бўлиб қолаётгани қайд этилган. Минтақа давлатларининг тараққиёт ва тинчликни таъминлаш, барқарор ривожланиш ҳамда яхши қўшничилик, дўстона муҳит маконини барпо этиш бўйича саъй-ҳаракатлари қўллаб-қувватланган эди. ШҲТ бу мақсад ва тамойиллар йўлидан бормоқда.

Аввал хабар берганимиздек, Хитойда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммити олдидан муҳим тадбирлар бўлиб ўтмоқда. 

Мамлакатнинг энг йирик саноат ва логистика марказларидан бири ҳисобланган – Тяньцзинь шаҳрида “Жаҳон мэрлари мулоқоти – ШҲТ саммитлари шаҳарлари” тадбири бўлиб ўтмоқда.

Тадбирда шаҳарлар мэрлари, Хитойдаги дипломатик корпус вакиллари, таҳлилий марказлар экспертлари, етакчи тармоқ компаниялари раҳбарлари ва журналистлар иштирок этмоқда. 

Ташкил этилган семинар ва давра суҳбатлари, экспертлар таҳлилларида ШҲТ бугун катта оилага айлангани алоҳида таъкидланди. Ташкилотга аъзо мамлакатлар шаҳарлари ўртасидаги ҳамкорлик минтақалар тараққиётига хизмат қилиши қайд этилди.

Глобал шароитдан келиб чиқиб, инфратузилма бўйича ўзаро боғлиқлик, “яшил” иқтисодиёт, инвестиция ва гуманитар алмашинув каби соҳаларда амалий ҳамкорликни чуқурлаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Хитой олий таълим даргоҳларида фаолият олиб бораётган ўзбекистонлик мутахассислар, мамлакатимиз таҳлил марказлари экспертларининг чиқишлари тадбир иштирокчилари эътиборини тортди.

Мамлакатимиз вакиллари етти-саккиз йил олдин Ўзбекистон томонидан минтақадаги давлатлар билан биргаликда бошлаб берилган яхши қўшничилик ва ҳамкорлик алоқаларига алоҳида тўхталди. Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида минтақада барқарорлик мустаҳкамланди, савдо ҳажми ортиб, инвестиция бўйича ҳамкорлик ва гуманитар алмашинув жадаллашди.

ШҲТнинг бизнес ҳамжамияти, хусусан, Ишбилармонлар кенгаши ҳамда транспорт, энергетика, рақамли ва “яшил” иқтисодиёт соҳаларидаги тармоқ йиғилишларида кузатувчи давлатлар ҳамда мулоқот бўйича ҳамкорларнинг иштирокини кенгайтириш лозимлиги қайд этилди. Ҳудудий ҳамкорлик форумларини ўтказиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди. 

Мулоқотларнинг навбатдаги қисми маданий-маърифий тадбир ва кўргазмалар билан давом этди.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/csvFD35m8vo" title="Olis shaharlarning yaqin hamkorligi mamlakatlar taraqqiyotiga xizmat qiladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Икром АВВАЛБОЕВ, Ёқубжон МЕЛИБОЕВ (видео), ЎзА

Хитой, Тяньцзинь шаҳри