Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олис қишлоқларда замонавий боғчалар қурилмоқда
12:46 / 2021-10-04

Тошкент вилоятида болаларни соғлом ва ҳар томонлама етук қилиб тарбиялаш, жойларда янги мактабгача таълим ташкилотларини қуриш ва жиҳозлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, жорий йилда оҳангарон туманида 20 та мактабгача таълим ташкилотини фойдаланишга топшириш белгиланган. Шундан, ҳозиргача 4 таси фойдаланишга топширилган. Қолган 6 таси октябр, 10 таси эса ноябр ойида фойдаланишга топширилади. Бундан ташқари, жорий йилда 18 та оилавий боғча ташкил этилган.

Таҳлилларга кўра, ҳудудда болаларнинг боғчаларга қамрови 2020 йил якунида 28 фоизни ташкил этган бўлса, бугунги кунда 52 фоизни, йил охирида 80 фоиздан оширилади.

Оҳангарон туманидаги 2-сектор олис тоғолди ҳудудига қарашли "Янгиобод" маҳалла фуқаролар йиғинида замонавий мактабгача таълим ташкилоти қуриб, фойдаланишга топшириш арафасида. Мазкур боғча 120 ўринга мўлжалланган.

– Қурилиш ишлари жорий йил биринчи ярмида бошланди. Лойиҳа бўйича 5 миллиард 793 миллион сўм маблағ ОКМК ҳомийлиги ҳисобидан қопланди, – дейди Туман мақтабгача таълим бўлими мудири Муқаддам Абдураҳмонова. – Мазкур боғчанинг умумий майдони 60 сотих бўлиб, ҳовлида болалар майдони, сув ҳавзаси бунёд қилиниб, 4-5 сотих мевали дарахтлар экилди. Бинода 4 та гуруҳда болалар тарбияланиши мўлжалланяпти. Белгиланган режа асосида 30 нафар мутахассис, хусусан, тарбиячи, психолог, методист ва шифокорлар жалб этиляпти.

Эътиборлиси, ҳозир "Янгиобод" МФЙда 2 минг 110 нафар аҳоли яшайди. Авваллари бу ерда ММТ йўқ эди. Мазкур ташаббус аҳолига катта совға бўлди.

Шунингдек, "Қизилой" маҳалла фуқаролар йиғинида Давлат Божхона қўмитаси ҳомийлиги асосида 180 ўринли мактабгача таълим ташкилоти қурилмоқда. Мазкур лойиҳа бўйича 7 миллиард 200 миллион сўм маблағ ажратилди. Мажмуа 3 қаватли бўлиб, бу ерда болаларни IT соҳасига қизиқтириш учун роботатехника, ментал арифметика, бадиий гимнастика, инглиз тили, тасвирий фаолияти ва спорт тўгараклари ишга туширилади.

Ўз навбатида "Темир дафтар", "Аёллар дафтари" да рўйхатда турган 45 нафар педагоглар иш билан таъминланади.

Боғча ҳовлисида болалар майдончаси, очиқ турдаги сузиш ҳавзаси, спорт майдончаси қурилмоқда Эътиборлиси, қурилишда энергия тежайдиган маҳаллий маҳсулотлардан фойдаланилмоқда. Барча қаватлардаги хоналар алоҳида иситиш тизими билан жиҳозланган. Бу куз-қиш мавсумини талафотсиз ўтказиш имконини беради.

Умуман олганда, Оҳангарон туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Туман маркази бўлган “Нуробод” қўрғонининг архитектура қиёфаси яхшиланмоқда. 3 қаватли Ёшлар маркази биноси қурилиши якунланиб, жиҳозланмоқда. Шунингдек, 4 та янги 5 қаватли уйлар қурилмоқда, 3 та ташландиқ ҳолда бўлган кўп қаватли уйлар таъмирланмоқда.

 

А.Мусаев,ЎзА