English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олис қишлоқдаги ҚВП га хизмат автомашинаси берилди
12:43 / 2021-08-03

Бухоро вилояти Ромитан туманидаги Қизил Равот аҳоли пунктининг умумий ер майдони 294 минг гектарни ташкил этади.

Бу ердаги 133 та оилада 521 нафар аҳоли истиқомат қилади.  

"Обод қишлоқ" дастури асосида ҳудуддаги 1 та трансформатор таъмирланди. 960 та симёғочларни янги бетон устунларга алмаштириш режалаштирилган. Бугунги кунда 102 та симёғочлар янгиланди. 12 та кўчага ёритиш чироқлари ўрнатилди. Қизил Равот қишлоғи ҳамда Қизилқум қишлоқлари ички кўчалари асфальт қилинди.

Вилоят прокурори Маҳмуд Истамов Қизил Равотда бўлди. Қизилравотликларнинг яшаш шароити, барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар, ободонлаштириш ишлари билан танишди. Қайта реконструкция қилинаётган 320 ўринга мўлжалланган мактаб биноси, 60 ўринли боғчада амалга оширилаётган қурилиш ишлари сифати, асфальтлаштирилаётган йўлларни кўздан кечирди.

М.Истамов ҳудуддаги таълим масканларида ўқувчилар учун яратилган шароитларни ўрганди. Шунингдек, тажрибали кўп тармоқли фермер Нарзулло Бафоев далаларида бўлди. 35 та қорамол, 400 бош қўй, 3 гектар чорбоғ, 3 гектар қовун-тарвуз ва шоли экиб эл дастурхони тўкинлигига ҳисса қўшаётган фермер билан дилдан суҳбатлашди. Бу ерда истиқомат қилаётган 55 та хонадонларни ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 3 минг 500 метр масофада қувурларни тортган "Сантехразно люкс" МЧЖ томонидан бажарилган ишларни кўрди.

М.Истамов 2012 йилдан буён фермерлик қилиб танилган Ёқуб Тенбаев раҳбарлик қилаётган “Абдулжаббор-Нурлан” фермер хўжалигининг шоли далаларида бўлди. Фермер хўжалиги раҳбарининг ишлаб чиқаришини янада кенгайтириш ҳақидаги таклифини қўллаб-қувватлади.  

Қизил Равот ҳамда Гугуртли қишлоқ фуқароларининг мурожаатларини кўриб чиқиш, уларга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида вилоят прокурорининг сайёр қабули ташкил этилди. 2 та мурожаат жойнинг ўзида ҳал этилди.  

Шу куни мутасаддилар томонидан қишлоқ врачлик пунктига янги тиббиёт машинаси берилгани туман марказидан олисда яшаётган аҳоли учун ўзига хос совға бўлди.

Зариф Комилов, ЎзА