English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олис қишлоқ болажонлари учун яна бир қулайлик
15:08 / 2022-06-01

Мактабгача таълим соҳаси узлуксиз таълим тизимининг бирламчи бўғини ҳисобланиб, у ҳар томонлама соғлом ва баркамол шахсни тарбиялаб, мактабга тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади.

Шу боис, мамлакатимизда мазкур соҳани янада тараққий эттириш, фарзандларимиз учун барча шароитларни яратиш йўлида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. 
Болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олишда нафақат давлат, балки нодавлат таълим муассасаларининг ҳиссаси ҳам ортмоқда. Сирдарё вилояти Ховос туманида 90 та, шундан 16 та давлат ва 74 та нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолият кўрсатмоқда. 

Уларда 3-7 ёшгача бўлган 5 минг 440 нафар бола қамраб олинган. Олиб борилаётган тизимли ишлар самарасида тумандаги "Бинокор" МФЙ ҳудудида яна бир янгидан қурилган давлат мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди. Ушбу болалар боғчаси "Обод қишлоқ" дастури асосида 2 миллиард 600 миллион сўм маҳаллий бюджет маблағлари эвазига "Боёвут-интер фахри" хусусий қурилиш компанияси қурувчилари томонидан бунёд этилди.

Юз ўринли 16-сонли мактабгача таълим ташкилотида 26 нафар педагог фаолият кўрсатади. Бу ерда болажонларнинг таълим-тарбия олиши учун барча шароитлар яратилган. Энг асосийси, вилоятнинг олис ҳудудларидан бири бўлган ушбу маҳалла кичкинтойлари ҳам энди пойтахт боғчаларидан қолишмайдиган шинам масканда тарбияланади.


– Маҳалламизда янги болалар боғчаси қуриб фойдаланишга топширилиши байрамга айланиб кетди, – дейди 16-МТТ директори Ёдгора Аловбоева. – Бу фарзандларимиз, ёш авлод келажаги учун ташланган муҳим қадамдир. 

Шуҳрат Суяров, ЎзА