“Қизилқум жавоҳири”, дея таъриф бериладиган Учқудуқ тумани Навоий вилояти марказидан 300 километр узоқликда жойлашган.
Чўл, қир адирлар, бийдай кенгликлар бағридаги ушбу ҳудуд бугун ҳақиқий жавоҳирга айланган. Бунга аҳолининг меҳнаткашлиги, ишбилармонлиги сабаб бўлса, не ажаб.
Туман аҳолисининг фаровон ҳаётида бошқа тармоқлар қатори газ таъминоти соҳаси ходимларининг ҳам муносиб ҳиссаси бор.
– Бугунги кунда 13 та маҳалла ва овул фуқаролар йиғинлари аҳолиси суюлтирилган газ билан таъминланади, – дейди "Ҳудудгаз Навоий" газ таъминоти филиали ахборот хизмати раҳбари Зебо Қутлиева. – Шундан 5 таси суюлтирилган газни газголдер қурилмаси орқали истеъмол қилса, 8 тасига таъминот шартнома асосида маиший газ баллон орқали етказилади. Жорий йилнинг биринчи чорагида истеъмолчиларга баллон орқали қарийб 93 тонна суюлтирилган газ етказилган.
“Юзқудуқ” овули туманнинг энг олис ҳудудларидан бири. Атроф қум ва фақат саксовулзорлардан иборат бўлгани боис, манзилга бориш йўли анчайин зерикарли. Аммо овул одамларининг қалби беғубор. Ҳар кунини шукроналик билан ўтказади.
Аҳолининг айтишича, юзқудуқликлар ҳам олдин овқат тайёрлаш ва чой қайнатишда ўчоқдан фойдаланган. Кейинчалик овулга маиший баллонларда суюлтирилган газ етказиш йўлга қўйилган. 2021 йилда овулдаги барча истеъмолчиларнинг таъминоти автоматлаштирилган тизимга ўтказилди. Айни вақтда ҳудудда 47 та истеъмолчи мавжуд.
– Ушбу овул вилоят марказидан қарийб 400 километр, туман марказидан эса 100 километр узоқликда жойлашган бўлса-да, бу ерда ҳам аҳолининг муносиб ҳаёт кечириши учун зарур шароитлар мавжуд, – дейди “Боздум” овул фуқаролар йиғини раиси Майрамгул Жалгасбаева. – Маиший эҳтиёжимиз учун суюлтирилган газдан фойдаланамиз. Харид учун ID-карта берилган. Алоқа хизмати яхши, шу боис, карта орқали газни харид қилишда муаммо бўлмайди. Туман газ идораси ходимлари ойма-ой баллон олиб келади. Ёғингарчилик кунларида таъминот 40 кунгача чўзилади.
Энг муҳими, ҳар қандай об-ҳавода ҳам истеъмолчиларнинг таъминотсиз қолмаслигидир. Бунинг учун уларга газ баллон етказадиган соҳа ходимлари машаққатли йўл билан тиллаша олган. Йўлнинг чарчоғини эса истеъмолчиларнинг хизматдан миннатдорлик ҳисси аритаётгани, шубҳасиз.
Абдували Бўриев, ЎзА