Томди тумани Навоий вилоятининг энг олис туманларидан бўлиб, аҳоли яшаш пунктлари тарқоқ жойлашган. Туман аҳолиси асосан маиший газ баллонларидан фойдаланади. Уларга туман газ идораси томонидан 35-40 кунда суюлтирилган газ етказиб берилмоқда.
– Бугунги кунда туманимиз бўйича жами 2 минг 492 та истеъмолчи суюлтирилган газдан фойдаланиб келмоқда, – дейди туман газ идораси суюлтирилган газ хизмати бошлиғи Рустам Рўзиев. – Уларнинг 2 минг 306 таси маиший газ баллонларидан ва 186 таси газголдер қурилмалари орқали газ қувурлари ёрдамида суюлтирилган газдан фойдаланувчи аҳоли истеъмолчиларидан иборат. Туманнинг 8 та овул фуқаролар йиғинидаги истеъмолчиларга маиший газ баллонларни етказиб беришда 1 та махсус “Исузу” русумли автотранспорт воситаси хизмат кўрсатяпти. Олис овул фуқаролар йиғинларига ҳам ходимларимиз томонидан суюлтирилган газ кечиктирилмай етказиб берилмоқда.

“Аяқ-қудуқ”, “Шейла”, “Керегатау” туман марказидан анча узоқда жойлашган овул фуқаролар йиғинлари ҳисобланади. Жумладан, “Аяқ-қудуқ” овулидаги 351 та истеъмолчига суюлтирилган газ етказиш учун туман марказидан 200 километр масофани босиб ўтиш керак. Шунингдек, марказдан 138 километр узоқликдаги “Шейла” ва 110 километр олисда жойлашган “Керегетау” овул фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи аҳоли ҳам маиший газ баллонлар вақтида етказилиб турилганидан мамнун.
Биргина “Керегетау” овулидаги 259 та истеъмолчига режа-график асосида 105 та маиший газ баллонда жами 2 тонна 100 килограмм суюлтирилган газ етказиб берилмоқда.
– Маиший газ баллон етказишда шу пайтгача бирор узилиш бўлгани йўқ, ҳатто жорий йил январ ойида бўлган аномал совуқда ҳам газ баллонлари ўз вақтида етказиб берилди, – дейди овулнинг “Жириқ” аҳоли пунктида истиқомат қилувчи Норқул Дўстмуродов. – Бундан овул аҳли ҳам мамнун. Бу ҳам юртимизда инсон қадри олий қадрият даражасига кўтарилаётганлигидан далолат.
Жорий йилнинг март ойида туман аҳолиси учун 28,5 тонна суюлтирилган газ етказиб бериш режалаштирилган бўлиб, амалда бугунги кунга қадар 25 тоннадан зиёд суюлтирилган газ етказиб берилди.
А.Бўриев, ЎзА