Мамлакатимизнинг турли ҳудудларида истиқомат қилаётган шоир-ёзувчилар ва истеъдодли ёш қаламкашларнинг турли ижод намуналари эълон қилиб борилатган ушбу лойиҳанинг бугунги меҳмони Қашқадарё вилояти ижодкорларидир.
Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими тавсияси билан
Мамлакатимизнинг турли ҳудудларида истиқомат қилаётган шоир-ёзувчилар ва истеъдодли ёш қаламкашларнинг турли ижод намуналари эълон қилиб борилатган ушбу лойиҳанинг бугунги меҳмони Қашқадарё вилояти ижодкорларидир.
Қашқадарё воҳасидан етишиб чиққан шоир-ёзувчилар ҳамиша ўз ижод намуналари билан алоҳида эътироф ва ҳурматга сазовор бўлган. Бугунги кунда пойтахтимизда яшаб, ижод қилаётган Назар Эшонқул, Луқмон Бўрихон, Икром Отамурод, Нормурод Норқобилов, Зебо Мирзо, Шодиқул Ҳамроев, Сирожиддин Рауф, Неъмат Арслон, Холмуҳаммад Ҳасан каби ижодкорлар фаолияти бунга яққол мисол.
Вилоятда бадиий ижод анъаналарини давом эттираётган қаламкашлар меҳнати ҳам эътирофга молик. Жумладан, Ўроз Ҳайдар, Абдунаби Абдиев, Саломат Ашурова, Жумақул Қурбон, Баҳодир Абдураззоқ, Зуҳра Очилова, Нилуфар Умарова, Момоҳол Элмуродова, Рустам Очил, Ғулом Эгамшукур, Лола Ўроқова сингари ижодкорлар ҳам самарали қалам тебратмоқда.
***
Лола Ўроқова 1958 йил Китоб туманида туғилган. 1979 йилда Ўзбекистон Миллий университетининг филология факултетини битирган. 1980-1983 йилларда Шаҳрисабз туманидаги “Кеш” газетасида, 1983-1996 йилларда Китоб туманидаги “Китоб тонги” газетасида ишлаган. У 1996 йилдан 2007 йилга қадар Китоб тумани ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси вазифасида фаолият кўрсатган. Айни пайтда Китоб тумани ҳокимлиги ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий маърифий ишлар мажмуасида ишлайди. Ўзбекистон Журналистлар ва Ёзувчилар уюшмалари аъзоси.
Лола Ўроқованинг ўнга яқин китоблари чоп этилган. Унинг ижодида наср етакчи ўринда туради. “Ҳассага таянган бир кун”, “Икки дунё оралиғи”, “Нариги дунё”, “Кўзгу” номли китоблари чоп этилган.
Қатралар
ХУРМО
Онаси янги уй қуриб чиққан ўғлига, болаларинг билан ейсан, деб бир челак хурмо илинди. Бу илтифот ҳовлидаги келинга ёқмади, харидор ҳисобини олиб кетган, эртага узишга келади, деб қиёмат қилди. Ўғил челакни ташлаб кетди...
Иттифоқо шу кеч ҳаво кескин совиб, кучли қор ёғди. Қаҳрланган табиат дарахт шохларида олтиндай осилиб ётган сап-сариқ хурмоларни музлатиб, қорайтириб ташлади. Бир кун аввал узилган бир челак хурмогина омон қолди...
Тонг саҳардан Ука челакдаги хурмони кўтариб акасиникига борди. Ака қабул қилмади ва... Баҳорда ҳовлисини тўлдириб хурмо экди...
ПАСТ
Ойдан туриб ҳам ерни кўрса бўлар, аммо баландлашган сайин ранглар, жилолар хиралашиб бораверади ва ер оддийгина шарга айланиб қолади.
Оёқ ернинг устида турсагина ундаги ҳар бир гиёҳ, ҳар бир гулнинг ифорини ҳам, тиканини ҳам туйса бўлади.
КЕНЖА КЕЛИН
У кенжа келин эди. Бир овсин у ён кетди, бир овсин бу ён. Уни келин бўлиб тушган ҳовлисига михлаб, михга бойлаб кетишди. Қимирлай олмайди. Қимирласа ҳам ҳаракати ипнинг узунлигидан нарига ўтмайди.
Энг ёмони, оғзини ҳам бойлаб кетишди, кекса чол-кампирнинг чеки менга тушганми, дейиши билан данғиллама ҳовлиси сенга текканидан кейин чеки ҳам сеники-да, дейди ўнлаб оғиз бир пайтнинг ўзида.
У қайнота-қайнонанинг хизматини қилди, аммо иддао билан, таъна-ю зарда билан ранжитиб, юракларини оғритиб.
Чол-кампир ҳам ўтиб кетишди.
Шу тарзда келин умрининг у бекатидан бу бекатига қандай бориб қолганини ўзиям сезмай қолди. Уч ўғлига уч келин қилди ва кенжаси билан қолди.
Қизиқ, қайнона-келиннинг тупроғини бир жойдан олган экан, келини худди ўзига ўхшади...
***
Наргиза Усмонова 1996 йил 28 мартда Қашқадарё вилояти Қарши туманида туғилган. У 2014 йил “Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси” кўрик-танловининг мамлакат босқичи ғолибаси.
Ҳозирда Қарши Давлат университетининг Хорижий тиллар факультети инглиз тили ва адабиёти йўналиши 3 босқич талабаси. Ёш ва умидли шоира яқинда ўтказилган ёш қаламкашларнинг Зомин семинарида ҳам фаол қатнашди.
ОНАМДЕК
Ким ўйлайди мени Онамдек,
Ташвишимни кеча-ю кундуз?
Дардларимга қўймоқ истар чек,
Гоҳ тунлари санасам юлдуз...
Ким суяди мени Онамдек,
Йиғлатсам ҳам, хафа қилсам ҳам?
Ҳаттоки мен чеккан ғамларнинг
Онасидир Онам чеккан ғам!
Эҳ, Онам-а, бир ажиб зот-а,
То ўлгунча дейди-я болам.
У сабаб мен ёруғ дунёда,
Менмас, менинг бағримда олам!!!
ТАҚДИР
Нега, куйчи бўлиб яралдим,
Шоирликнинг қисмати оғир.
Ундан кўра бўлмасмиди айт,
Мени қилиб яратсанг ЁМҒИР?
Япроқларнинг юзини шунда,
Ғуборлардан ювиб яшардим.
Бир кун тўхтар бўлсам ёғишдан,
Илдизларга иниб яшардим...
Нега, ўйчи бўлиб яралдим,
Хаёл уфқдан олисроқ, ана!
Мени шундай яратган Роббим,
Сизда эса айб йўқдир, ОНА!
Тегирмонда эзилгандек жон,
Тақдиримни кўрмагандим туш.
Одам қилиб тингламасанг бир,
Нечун мени яратмадинг ҚУШ?
Оғрияпти недир кўксимда,
Пешонадек у доим ҳақдир.
Шу оғриқни сезмоқлик учун,
Шоир қилиб яратди ТАҚДИР!
ОЛИС ОСМОН
Ўйлашга арзирли нима ғамим бор?
Сиқилсам, гаплардан сиқилдим, Она!
Йиқилсам, мажнуни гумроҳларнингмас,
Сизнинг пойингизга йиқилдим, Она!
Олис осмонларга қўл чўздим, қаранг,
Гарчи дастим етмас унинг ойига.
Ботириб оламан қаламим туннинг
Қоп-қора сиёҳлар томган жойига!
Ахир, бандасининг қилгани хато,
Ойнадек йўлларда қоқилдим, Она!
Кўнгил қўйди деманг шон-шуҳратига,
Мен ўз юрагимга сотилдим, Она!