Қарор ва ижро
Президентимизнинг 2024 йил 23-сентябрдаги “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан жойларда электр энергиясидан оқилона фойдаланиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Тошкент вилояти ҳудудларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш, аҳолига қулайлик яратиш ва коммунал соҳалардаги муаммоларни бартараф этиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Ҳозирда, Бўстонлиқ туманида 2025-2026 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш мақсадида режадаги 213,3 километр ҳаво тармоқлари ва 63 дона трансформаторлар мукаммал таъмирланди. Жойлардаги 6 та маҳаллада 23 километр 0,4 киловатт қувватдаги ҳаво тармоқлари 12 та трансформатор пунктида реконструкция ва модернизация ишлари бажарилмоқда.

Масалан, туман марказидан олисроқда жойлашган “Ёшлик” МФЙ “Оғир ҳудуд” тоифасига киритилган бўлиб, ҳозирда 5 минг нафардан ортиқ фуқаро яшайди. Ҳудуд фаоли Баҳриддин Уратовнинг айтишича, янги уйлар қурилиб, аҳоли сони ошгани сари маҳаллада электр таъминотига бўлган талаб ошди. Мавжуд трансформаторлар эскиргани, аҳоли қўлбола усулда симёғоч қилиб, хонадонига электр тармоғини тортгани каби ҳолатлар бўлган.

– Совуқ мавсумда тоғли маҳаллаларнинг симёғочларида узилишлар ҳам бўлиб турарди. Шу каби ҳолатлар бўйича аҳоли мурожаатлари ўрганилди. Ҳозирда маҳалладаги 21та кўчага 153 дона янги темир бетон таянчлар қўйилди ва 1 дона 400 киловатт кучланишли трансформатор ўрнатилди. Шунингдек, Сижжак, Гулобод, Хайдарали, Бойтерак каби маҳаллаларда ҳам шундай муаммолар ҳал қилинмоқда. Айрим жойларда ҳаво тармоқларини дарахт шохларидан тозалаш, белгиланган тартибда симларни тортиш, трансформатор пунктларида жорий таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур саъй-ҳаракатлар туфайли аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларида электр таъминоти янада яхшиланади, – дейди Бўстонлиқ туман Электр таъминоти раҳбари Қурбонали Сиддиқов.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/x7dDbiV61M0" title="Olis manzillarda elektr ta’minoti yaxshilanmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А. Мусаев, ЎзА.