English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олис маҳаллаларда Янги Ўзбекистон қиёфаси намоён
11:09 / 2026-02-19

Тошкент вилояти Бўка туманидаги оғир тоифага киритилган Қўлдоштепа ва Навобод маҳаллаларида “Обод маҳалла", "Обод кўча", "Обод хонадон” мезонлари асосида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари якунланиб, янги объектлар фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан икки маҳалланинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Ғ.Мирзаев, маслаҳатчи ўринбосари П.Бобожонов, Президент Администрацияси ва Республика ишчи гуруҳи вакиллари,  вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари О.Турсунов, вилоят прокурори А.Мирзаев, ИИББ бошлиғи А.Абдураззоқов, Бўка тумани ҳокими С.Исакулов, ҳудуд мутасадди раҳбарлари, депутатлар, маҳалла фаоллари, нуронийлар, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.  

Таъкидлаш лозимки, бу икки маҳалла 2025 йил сентябрь – 2026 йил январь ойлари давомида амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар туфайли янгича қиёфага кирди. Бу саъй-ҳаракатлар ҳудудларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кириш, замонавий маҳалла марказларини ташкил этиш ҳақидаги Президентимиз топшириқларининг амалий ифодаси бўлди.  

Жумладан, Қўлдоштепада 3 минг 390 нафар аҳоли истиқомат қилади. Маҳалла бўйлаб 14 километр ичимлик суви тармоғи тортилди, 3,2 километр марказий кўча асфальтланди, 2,5 километр ички йўлларга шағал ётқизилди. 390 та эски ёғоч устун бетон таянчларга алмаштирилди, 9 километр махсус кабель тортилди, 40 та тунги ёритиш чироғи ўрнатилди, 12 километр газ тармоқлари таъмирланди.

Тадбир доирасида аҳоли билан учрашувлар, нуронийлар билан самимий суҳбатлар ташкил этилди. Шунингдек, йиғилганлар иштирокида кўчат экиш акцияси, спорт марафони ҳамда байрам тадбирлари кўтаринки кайфиятда ўтказилди. Бунёдкорлик ишларида фидойилик кўрсатган масъуллар ва маҳалла фаоллари кўкрак нишони ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

— Навобод маҳалласида ҳозир 658 та хонадон бор ва 1 минг 119 та оила яшайди, — дейди Маҳаллалар уюшмаси Бўка туман бўлими раҳбари Зоҳид Обидов. — Маҳаллада камбағалликни қисқартириш мақсадида меҳнат ярмаркалари ўтказилди. 9 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланди. 7 нафар ёшга ижара асосида ер ажратилиб, деҳқон хўжаликлари ташкил этилди. 17 та хонадонга имтиёзли кредитлар ҳисобидан уруғ ва моддий ёрдам берилди. 3 та оила томорқасида 7 сотихли иссиқхоналар барпо этилди. 170 та хонадон томорқасини сув билан таъминлаш учун 3 та вертикал қудуқ қазилиб, қуёш панеллари ўрнатилди.  

Инфратузилмани яхшилаш мақсадида маҳалла идораси ва тиббиёт пункти реконструкция қилинди. Кутубхона қурилди. Хотин-қизлар учун тикувчиликка ихтисослашган ўқув маркази ташкил этилди. Натижада камбағаллик даражаси 3,2 фоиздан 1 фоизгача камайди, ишсизлик даражаси эса 3 фоиздан 0 фоизга тушиб, ҳудуд ишсизликдан холи маҳаллага айланди.

Шунингдек, Қўлдоштепа маҳалласида оилавий тадбиркорлик дастури доирасида 33 та хонадонга чорвачилик ва қишлоқ хўжалиги ускуналари берилди ҳамда улар “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” рўйхатидан чиқарилди. 17 нафар фуқарога тадбиркорликни бошлаш учун жами 350 миллион сўм кредит ажратилди. 3 та оғир аҳволдаги оила томорқасида 8 сотихли иссиқхоналар ташкил этилди, 250 та хонадон томорқасида сабзавот экиш йўлга қўйилиб, ер эгалари учун семинарлар ўтказилди.

Ҳудуддаги ариқ-зовурлар тозаланди ҳамда аҳоли томорқалари баҳорги экинлар экиш мавсумига тайёрланди. Маҳаллада “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси татбиқ этилган. Умуман олганда, амалга оширилган бу каби саъй-ҳаракатлар аҳоли учун катта совға бўлди.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА