Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олис маҳаллаларда ҳам болалар учун боғча қурилди
17:13 / 2026-01-12

Ҳозир мамлакатимизда болалар тарбияси ва таълимида ташкил этилаётган оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолият муҳим ўрин тутмоқда. Бундай таълим ташкилотларида болалар ёшига мос дастурлар асосида таълим-тарбия ишлари олиб борилади.

Ўйин орқали ўқитиш, ижодий машғулотлар, нутқни ривожлантириш, жисмоний тарбия ва маънавий тарбияга алоҳида эътибор қаратилади. Энг муҳими, оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ота-оналар учун ҳам қулайлик яратади. Кам сонли гуруҳлар орқали ҳар бир болага индивидуал ёндашув таъминланади. Айниқса, бу каби таълим ташкилотлари олис ҳудудларда ташкил этилса, қамров даражаси ошишига, таълим сифати яхшиланишига олиб келади. 

Хусусан, Бўка туманидаги энг олис маҳалларидан бири Қўлдоштепада ҳам икки нафар тадбиркор томонидан шундай оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолияти йўлга қўйилди. Тошкент вилояти Прокуратураси ҳамда вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси кўмаги ёрдамида тадбиркорларга яратиб берилаётган имкониятлардан фойдаланаётгани аҳамиятлидир. 

Туман масъулларининг таъкидлашича, Бўка туманида шу кунгача 114 та мактабгача таълим ташкилоти (боғча) мавжуд бўлиб, шундан 24 таси Давлат мактабгача таълим ташкилоти, 84 таси оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти, 4 таси давлат хусусий шерикчилик асосида ташкил этилган боғчалардир.

Қўлдоштепа маҳалласида бугунги кунгача болажонлар боғчаси йўқ эди. Аҳоли фарзандларини олисда жойлашган боғчаларга олиб боришга мажбур бўлган. Шуни инобатга олган ҳолда ҳудудда аҳолига қулайлик яратилди. Эндиликда ҳудуддаги 100 нафар ўғил-қиз ушбу боғчаларга қамраб олинади. 

А.Мусаев, А. Алижонов (сурат), ЎзА