Ҳудудларни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш, тадбиркорларни ҳам томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор ўз самарасини бермоқда.
Буни Бухоро вилояти Олот туманида амалга оширилаётган ишлар мисолида ҳам кўриш мумкин.
Туманда жорий йилда 282,2 миллиард сўмлик 36 та ҳудудий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, 414 янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Ҳозирга қадар туман кесимида 13,3 миллиард сўмлик 12 та инвестиция лойиҳалари ишга туширилди. 43 та янги иш ўрни яратилди. Соҳага янгича ёндашув асосида олиб борилаётган иш тумандаги имкониятлар кўламини янада кенгайтирди.
– Бугунги кунда туманда инвесторларни жалб қилишда барча имкониятлар яратилган, – дейди туман ҳокими Наргиза Неъматова. –Асосийси туманда тўқимачилик соҳасида инвесторлар жалб этилмоқда. Чунки бу соҳа туманнинг драйвери ҳисобланади.
[gallery-8206]
Мақсад янги очилган корхоналарда ёшларни, хотин-қизларни иш билан таъминлаш, уларнинг оиласидаги даромадини оширишдан иборат. “Олот Асака текстиль” МЧЖ қурилмоқда. Жорий йил сентябрь ойида ишга тушади. Бу корхонада мингта иш ўрни яратилади. 1,5 АҚШ долларлик “Парвоз Хумо” МЧЖ томонидан 800 ўринлик тикув фабрикаси ишга тушади. Бундай корхоналарни кўплаб мисолларда келтириш мумкин. Мана шундай корхоналар учун тумандаги кичик саноат зонасидан жой ажратилган.
Тумандаги ҳар бир лойиҳа пухта ишлаб чиқилиб, келгусида ўзининг юксак самараларини бериши устида иш олиб борилмоқда. Яқин кунлар ичида йирик саноат корхонаси иш бошлайди. 1000 дан ортиқ ишчи ўрни яратилади, деган сўзлар албатта мана шу ислоҳотлар самарасидир. Энг муҳими, бошланган хайрли ташаббуслар аввало ўша ҳудуддаги аҳолининг фаровон яшаши учун ҳам мустаҳкам замин ҳозирламоқда.
Шунингдек, Олот тумани Арабхона МФЙ “Олот Ҳаж Текстиль” МЧЖ томонидан ун ва тегирмон ишлаб чиқариш лойиҳаси умумий қиймати 106 миллиард сўмни ташкил қилиб, бугунги кунда кунлик 150 тонна буғдойни қайта ишлаш қувватига эга. Ишлаб чиқариш асбоб-ускуналари Туркия давлатидан олиб келинган. Корхона жорий йилда Қозоғистон давлатидан 702 тонна буғдой импортини амалга оширган ва қайта ишланган буғдой уни Афғонистон давлатига 215 минг долларга экспорт қилинган. Корхонада 15 дан ортиқ ишчи ходимлар фаолият юритмоқда.
Бундан ташқари, “Парвоз Қурувчи” МЧЖ томонидан пахта чигити ёғи ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси умумий қиймати 3,1 миллион АҚШ долларни ташкил қилади. Шундан банк кредити 2,5 миллион АҚШ доллар, ўз маблағи ҳисобидан 600 минг АҚШ долларга тенг. Ҳозирда ушбу заводда 50 та иш ўрни яратилган. Корхона кунига 20 тонна чигитни қайта ишлаш имконига эга. Йиллик қуввати 60 минг тоннани ташкил қилиб, корхона 2021 йилда 708 минг АҚШ доллар, жорий йилда 905 минг АҚШ доллар экспортни амалга оширган. Бугунги кунда корхона ички бозорга сифатли ва арзон пахта чигити ёғи билан таъминлаб келмоқда.
Бугун жойларда ишга туширилаётган янги корхоналар энг сўнгги ва замонавий техникалар билан жиҳозланаётгани иш унумини оширмоқда. Қолаверса, маҳсулотнинг сифат жиҳатдан юқори бўлиши, халқаро бозорда ўз ўрнини топишига ҳам хизмат қилмоқда. Илгари бир неча босқичда пахтани қайта ишлаш жараёнлари амалга оширилган бўлса, бугун Қоракўлдаги яна бир корхона тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришда энг сўнгги технологиялардан фойдаланиш эвазига юқори натижаларга эришмоқда. “Қоракўл Кумуш Калава” МЧЖ томонидан қиймати 39,1 миллиард сўмга тенг бўлган Хитой давлатининг замонавий асбоб-ускуналари асосида йиллик қуввати 8 миллион п.м тўқима мато ишлаб чиқариш фаолиятини ташкил этиш лойиҳасини йўлга қўйиш ҳисобига қўшимча 150 та иш ўрни яратилади.
– Бугунги кунда кластеримиз яхши фаолият олиб бормоқда, – дейди “Қоракўл Кумуш Калава” МЧЖ раҳбари Асрор Мансуров. –Кластеримизда 500 дан ортиқ иш ўрни яратилган. Тўқимачилик корхонаси мисолида айтадиган бўлсак, 300 дан ошиқ хотин-қизлар меҳнат қилади. Асосий фаолиятимиз ип-калава ва мато ишлаб чиқаришдан иборат. Ишлаб чиқарган маҳсулотимизнинг 90 фоизи экспортга йўналтирилган. 4 миллион АҚШ долларидан ортиқ экспортни амалга оширдик. Асосан Россия, Туркия, Белорусь давлатларига экспорт қилинмоқда.
Янги тўқима мато ишлаб чиқариш лойиҳаси асосида экспорт ҳажмини яна 4 миллион АҚШ долларига кўпайтиришни режалаштирганмиз. Лойиҳа доирасида 150 та иш ўрни яратилади. Давлат раҳбари ташаббуси билан яратилган кластер тизими пахта хом ашёсидан тайёр маҳсулотгача бўлган жараённи қамраб олади. Лойиҳаларимиз ҳам шунга қаратилган бўлиб, тола ишлаб чиқариш, ип-калава ва мато, шунингдек, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришдан иборат. 2023 йилдан бошлаб тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширишни бошлаймиз. Бу лойиҳа доирасида 200 та янги иш ўрни яратилади.
Шунингдек, 3 миллион АҚШ долларига яқин экспортни амалга оширишни режалаштирганмиз. Кластер фаолиятида нафақат фермер хўжаликлари билан шартномалар асосида ишлаш, балки фойдаланилмаётган, оборотдан чиққан ерларни ўзлаштириш, маҳсулот ҳажмини ошириш, янги иш ўринларини яратиш режаларимиз бор. Бугун кластер тизимидаги “Қоракўл Кумуш Калава Агро” МЧЖ 742 гектар ер ўзлаштиришга киритилди. У ерга пахта ва озуқабоп экинлар экилди.
Вилоятнинг Қоракўл туманида ҳам айни чоғда кўплаб истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ҳудудий инвестиция дастурлари доирасида туманда 2021-2022 йилларда саноат йўналишидаги лойиҳаларни ишга тушириш ҳисобига импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича тегишли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, туманда 2021 йилда қиймати 60,5 миллиард сўмга тенг ҳудудий инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш ҳисобига 281 та янги иш ўрни яратилган эди. Жорий йилда биргина саноат йўналишида қиймати 231,7 миллиард сўмга тенг бўлган 17 та лойиҳаларни амалга ошириш натижасида 537 нафар янги иш ўрни яратилиш назарда тутилган. Ҳозирга қадар 47,1 миллиард сўмга тенг бўлган 3 та лойиҳа тўлиқ қувватда ишлай бошлади ва 180 нафар аҳолининг бандлиги таъминланди.
Бу Бухоронинг олис Олот ва Қоракўл туманидаги эзгу ташаббуслар самараси. Аслида, вилоятнинг барча ҳудудларида бу каби янгиланишлар юртдошларимизга мамнунлик бағишламоқда. Уларнинг турмуш фаровонлиги юксалишига хизмат қилаётир.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА