Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олис ҳудудда қўшма корхона ташкил этилди
12:23 / 2024-09-20

Қизилқум кенгликлари бағрида жойлашган Учқудуқ тумани ўзининг ер ости бойликлари ҳамда табиий-иқлим шароити билан алоҳида ажралиб туради. Ҳудуддаги мавжуд ер ости бойликлар хорижий сармоядорларнинг ҳам эътиборини тортмоқда. Бу эса ҳамкорликдаги йирик лойиҳаларни амалга оширишга замин ҳозирламоқда.

Шу кунга қадар туманда хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда фаолият юритадиган қўшма корхоналар сони 5 та бўлса, яқинда уларнинг сони яна биттага кўпайди. “Orascom Investment Holding” (Миср) компанияси билан “Copper Mining” МЧЖ ҳамкорликдаги қўшма корхонага асос солинди. Ушбу лойиҳа доирасида қарийб 20 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритилиши кўзда тутилган бўлиб, 2024-2026 йилларда “Шимолий Букантау” майдонида геология-қидирув ишлари олиб борилади. Туман марказидан 100 км узоқликда жойлашган “Қарамурун”, “Оразали”, “Қарабулақ” ва бошқа яқин участкаларда режага асосан ишлар амалга ошириши режалаштирилган. 

Корхонанинг очилишида туман ҳокими У.Елмуратов, инвесторлар ва “Қулқудуқ” овули фаоллари иштирок этди. 

– Ушбу лойиҳа асосида “Қарамурун” ва “Оразали” участкаларининг прогноз ресурс кўрсаткичлари, 722 минг тонна мис, 7,2 тонна олтин ва 90 минг тонна молибден захирани ташкил этиши аниқланган, – дейди “Copper Mining” МЧЖ раҳбари Илёс Азамов. – Кейинчалик лойиҳанинг техник-иқтисодий асосида аниқланадиган захираларини ўзлаштиришга 300 миллион АҚШ долларидан ортиқ инвестиция маблағлари жалб этилиши кўзда тутилган. Муҳими 200 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади. 

Аҳамиятлиси, эндиликда овулнинг ишсиз фуқаролари ушбу янги корхонага ишга жойлаштирилади. 

А.Бўриев, ЎзА мухбири