Навоий вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасига қарашли махсус жиҳозланган автобусда малакали тиббиёт ходимларидан ташкил топган гуруҳ олис ҳудудлардаги аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказмоқда.
“Кокпатас” маҳалла фуқаролар йиғини Учқудуқ тумани марказидан қарийб 30 киломтер узоқда жойлашган.

– Тиббий кўрикда 256 нафар турли ёшдаги маҳалла аҳолиси қатнашди, – дейди Учқудуқ тумани 2-сектор масъул котиби Тўхтамурод Насруллаев. –Уларнинг 86 нафарига тегишли кўрсатмалар берилди. “Аёллар дафтари” да рўйхатда турган 4 нафар эҳтиёжманд хотин-қизга "Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Навоий вилояти минтақавий филиали томонидан бепул дори-дармон берилиб, 5 нафар ётоқдаги беморлар ҳолидан хабар олинди. Шунингдек, 4 нафар беморга даволаниш учун тегишли тиббиёт муассасаларига йўлланмалар берилди.

– Бугунги тиббий кўрик аҳолимиз учун айни муддао бўлди, – дейди “Кокпатас” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Жумақул Аҳмудов. – Чунки маҳалламиз аҳолиси ҳар доим ҳам чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтиш мақсадида вилоят марказига боравермайди. Ўзим ҳам анчадан бери кўриш қобилиятим пасайганлиги боис, гоҳида вақтни қизғониб, гоҳида йўл азобини ўйлаб кўз шифокори қабулига боролмаётган эдим. Бугунги қабулда текширувлардан ўтдим.

Тиббий кўрикда фуқаролар УЗИ, ЭКГ ва лаборатория таҳлилларини топшириб, ихтисослаштирилган тиббий ёрдам хизматларидан фойдаланди.
А.Бўриев, ЎзА