Бугун пойтахтимизда III Тошкент халқаро инвестиция форумининг иккинчи кунги тадбирлари ташкил этилмоқда.
Унда хорижлик иштирокчилар учун Ўзбекистоннинг ҳудудларида яратилган инвестицион муҳит ва иқтисодий имкониятлар ҳақида тақдимотлар ўтказилди.
Хусусан, Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Тошкент, Хоразм, Aндижон, Бухоро, Фарғона, Жиззах, Наманган, Навоий вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридаги амалга оширилаётган ишлар ва иқтисодий имкониятлар тақдим этилди.
Форум доирасида Қашқадарё вилояти ҳокимининг ўринбосари – вилоят инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси бошлиғи Олимхон Рустамов ЎзА мухбирига интервью берди:
– Биз III Тошкент халқаро инвестиция форумининг ушбу сессиясида Қашқадарё вилоятининг умумий салоҳияти ҳақида тақдимот қилдик. Авваламбор, унда вилоятимизда яратилган имкониятлар, инвестиция муҳити, қишлоқ хўжалиги, саноат, хизмат кўрсатиш соҳаларида қандай қулайликлар борлигига аҳамият қаратдик.
Хусусан, ривожланган, ривожланаётган ва истиқболли саноат соҳалари бўйича имкониятларимиз мавжуд. Масалан, текстиль ва қурилиш материаллар саноати Қашқадарё вилоятида яхши ривожланган.
Нима учун бу соҳалар ушбу ҳудудда етакчилик қилади? Маълумки, бизда пахта ишлаб чиқариш бўйича Қашқадарё вилояти биринчи ўринда туради. Шу боис, текстиль соҳасида яхши ютуқларга эришганмиз. Хусусан, ҳудудимизда 167 текстиль корхонаси фаолият юритмоқда. Уларда пахта етиштиришдан то тайёр кийим-кечаклар ишлаб чиқаришгача бўлган жараёнлар қамраб олинган. Лекин ҳудудимизда матони бўяш лойиҳалари йўқ эди. Жорий йилдан бошлаб матони бўяш бўйича янги иккита лойиҳани амалга оширяпмиз. Бунинг натижасида нафақат Қашқадарё, балки Сурхондарё, Бухоро, Хоразм вилоятлари ҳам айнан бу соҳада қамраб олинади.
Қурилиш соҳасига келсак, бизнинг ҳудудда 127 та кон бўлиб, элликдан ортиқ ер ости ва ер усти бойликларимиз бор. Бу қурилиш материаллари соҳаси равнақида муҳим аҳамият касб этади. Бунда фақатгина қазиб олиш ёки ўзлаштириш эмас, балки қурилиш материалларини ишлаб чиқариш борасида инвесторларни биз янги лойиҳаларга таклиф қилдик.
Бу ишлар самарасида хитойлик инвесторлар билан иккита лойиҳа бўйича 30 миллион долларлик шартнома имзоладик. Нима учун қурилишга эътибор берамиз? Чунки Қашқадарё вилоятида ҳар йили 100 минг нафар чақалоқ дунёга келади. Бу етти йилдан кейин ижтимоий соҳаларга яна бир талаб бўлади, деганидир. Бундан ташқари, бугунги кунда қурилиш бўйича 20 мингта уй-жойга талаб бор. Шу боис, биз ҳар йили 5200 тадан 6000 тагача уй-жой қураяпмиз. Демак, қурилиш бор жойда қурилиш материалларига ҳам талаб юқори бўлади.
Электр техника, фармацевтика, кимё саноати соҳалари эса ривожланаётган йўналишлардир.
Ўзбекистонда электр техникаси яхши ривожланган. Вилоятимизда бу йўналишда 20 та лойиҳа ишлаб турибди. Демак, бу соҳа ривожлантирилса, бозорда талаб бор. Бизда ҳар йили 30 мингга яқин янги ёш оила пайдо бўлади. Бу айнан ушбу электр техника маҳсулотларига талаб юқорилигига ишорадир. Фармацевтика соҳаси бўйича ҳам инвесторларни жалб қиляпмиз, негаки вилоятимизнинг тоғли районларида дори-дармон ўсимликлар кўп ўсади. Лекин уларнинг саноатлаштириш масалаларига камроқ эътибор берилган. Шунинг учун бу соҳани саноатлаштириш, яъни доривор ўсимликлардан табобат мақсадида фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Бу ишлар натижасида бугунги кунда гулхайри маҳсулотларини Швейцарияга экспорт қилиш йўлга қўйилган. Айни кунда ушбу соҳада ҳам хорижлик инвесторларга ўз таклифимизни билдирганмиз.
Истиқболли лойиҳалар юзасидан сўз кетганда, дунёдаги нуфузли консалтинг компанияларни жалб қилган ҳолда, 201 та истиқболли лойиҳа ишлаб чиқдик. Қиймати 500 минг доллардан 10 миллион долларгача бўлган лойиҳалардир. Ушбу лойиҳалар нефть-газ, кимё, электр техника, текстиль, чарм-пойабзал каби соҳаларда бўлиб, улар ҳақидаги барча маълумотларни инвесторлар эътиборига ҳавола этганмиз ва ўзимизнинг платформамизга ҳам қўйганмиз. Бу ҳақида аввалроқ элчихоналар орқали инвесторларга маълум қилганмиз.
Мазкур III Тошкент халқаро инвестиция форумида инвесторлар билан юзма-юз кўришиб, яна бир бор тақдимот қилдик ва улар билан мулоқотда бўлдик. Кўпгина инвесторларимиз томонидан бу лойиҳаларга қизиқиш билдирилмоқда. Ўйлайманки, кейинги йилларда бу лойиҳаларни амалиётга татбиқ этамиз.
<iframe width="1903" height="742" src="https://www.youtube.com/embed/Slwc9K9JoOs" title="Olimxon Rustamov: “Hududimiz rivoji yoʻlida 201 ta istiqbolli loyihani ishlab chiqdik”" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.