Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олимпиячиларни тайёрлаш тизими янги босқичга кўтарилмоқда
16:56 / 2022-02-15

Муносабат

 Катта спортдаги улкан ғалабалар, аввало, амалга оширилаётган ислоҳотларга боғлиқ. Ўтган йиллар мобайнида юртимизда бу борада янгича тизим жорий этилди.

Биргина 2021 йил мобайнида жамиятда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш масаласида давлат миқёсида ўнлаб қарорлар, “йўл харитаси” ва дастурлар ишлаб чиқилдики, натижада аҳоли саломатлигини таъминлашда ўзига хос кўрсаткичларга эришилди.

Бу жисмоний тарбия билан шуғулланувчи умумий аҳоли сони 4,8 миллион нафардан 5,6 миллион нафарга ошишига хизмат қилди.

Профессионал спортдаги ютуқлар сифати жисмоний тарбия билан шуғулланувчиларнинг умумий кўрсаткичлари билан чамбарчас боғлиқлигини назарда тутсак, келгусида халқаро мусобақалардаги муваффақиятлар янада сермаҳсул бўлишидан далолат.

Аҳамиятлиси, келажакдаги нуфузли мусобақалар олдидан қабул қилинаётган қарорлар, ҳуқуқий хужжатлар ютуқларнинг эътиборли бўлишига замин яратадики, бу халқаро спорт майдонларида эришилажак ғалабалар орқали жонажон Ватанимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузи ошишига ва, энг муҳими, миллат генофондини соғломлаштиришда етакчи куч бўлган ёшларнинг соғлом турмуш тарзи тамойиллари асосида камол топишига хизмат қилади.

Куни кеча давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Ўзбекистон спортчиларининг навбатдаги ёзги ва қишки Олимпия ва Паралимпия ўйинларида муваффақиятли иштирок этиши учун тайёргарлик ишларини жадаллаштириш тўғрисида”ги қарор мазкур нуфузли спорт анжуманларига тайёргарлик ишларини жадаллаштириш, унинг ижросини таъминлашда дастуриламал вазифасини ўтайди.

– Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган йили 13 августда Токио олимпиадаси иштирокчилари билан учрашувда келгуси тўрт йиллик мусобақаларга режа асосида пухта ҳозирлик кўриш, унда жамоавий спорт турлари, хотин-қизлар иштирокини олимпия ўйинларида кенгайтириш масаласида алоҳида кўрсатмалар бергандилар. Мазкур қарор ушбу йўналишларни қамраб олганлиги билан аҳамиятлидир. Яна бир муҳим масала. Қабул қилинган ҳужжатда олимпия ўйинларида ғолиб ва совриндор бўладиган спортчиларга бериладиган пул мукофотларининг ҳозирдан эълон қилиниши эътиборли бўлди. Чунки олимпия йўлланмалари учун, эртага унда медаллар учун курашадиган спортчиларга бу катта руҳий қувват, моддий интилиш мезони бўлиб хизмат қилади. Албатта, қарорнинг ҳар бир банди хусусида алоҳида тўхталиб ўтиш мумкин. Биз бу жараённи, қарор моҳияти билан таништиришни спорт жамоаларида, федерацияларда, терма жамоаларда тизимли тарзда амалга оширамиз. Бунда соҳадаги тажрибали мутахассис-тренерлар, селекционерлар жалб этилади. Аммо яна бир жиҳат, ушбу ҳужжатда Париж-2024 билан биргаликда Лос-Анджелес-2028 олимпиадаси ҳам қамраб олинганлиги Ўзбекистон олимпиячиларини тайёрлаш тизими, соҳадаги ислоҳотлар янги босқичга кўтарилганлигининг ёрқин далилидир, – дейди туризм ва спорт вазири ўринбосари Шахрулла Маҳмудов.

Дарҳақиқат, ушбу тарихий ҳужжатда келтириб ўтилганидек, Ўзбекистон спортчиларига зарур шарт-шароитлар яратиш ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳомийлик хайрия ёрдами сифатида ажратиладиган маблағлар оқилона, тежамкор, самарали ва мақсадли фойдаланилиши устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш кўрсатилган. Унинг натижалари ҳақида оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши белгиланган.

Бунда юртимиз спортчиларининг олимпия ўйинларига тайёргарлигида шаффофликни таъминлаш билан бирга, терма жамоаларда селекция ишларининг самарали кечиши назарда тутилган.

Шунингдек, спортчиларни тўрт йилликнинг нуфузли мусобақаларига тайёрлаш дастуридаги спорт турларини ривожлантириш бўйича алоҳида давлат дастурлари қабул қилиш борасида вазифаларнинг белгиланганлиги профессионал спортчиларни тайёрлашга билвосита дахлдор бўлган олимпия мактаблари, коллежлари ва бошқа тузилмаларининг иш тизимини, тренер ва мутахассислар малакасини халқаро талаблар даражасига олиб чиқиш лозимлигини кўрсатмоқда.

Бундан ташқари, қарор асосида Ўзбекистон довруғини дунёга достон этадиган спортчиларга зарур шарт-шароитлар яратиш, уларнинг кайфиятини кўтариш орқали миллий спортимиз қулочини халқаро майдонда янада кенгайтиришга қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.

Жаҳон спорт майдонларидаги ғалабаларнинг пойдевори тизимдаги ишлар шаффофликда олиб борилишига, ҳар бир спортчига яратилган қулайлик туфайли уларнинг кайфияти баланд бўлишига бевосита боғлиқ. Зотан, руҳи тетик, қалби уйғоқ ёшларгина олимпия шоҳсупасида Ўзбекистон байроғини дадил, янада юксакларга кўтара олади.

Тўлқин РЎЗИЕВ, ЎзА