Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарори ҳамда Мудофаа вазирининг буйруғига мувофиқ, мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни, хусусан, Олимпия ва паралимпия спорт турларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мазкур ҳужжатлар ижросини таъминлаш, ёшлар орасидан истеъдодли спортчиларни аниқлаш, уларни саралаш ва профессионал спортчилар сифатида тайёрлаш мақсадида Шимоли-ғарбий ҳарбий округи ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида муҳим ишлар амалга оширилмоқда. Шу мақсадда Шимоли-ғарбий ҳарбий округи қўмондонлигида “Ватанпарвар” ташкилотининг ўқув спорт-техника маркази, Ўқ отиш спорти федерацияси Нукус шаҳар бўлими ҳамда соҳа мутахассислари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Мазкур йиғилиш Қорақалпоғистон Республикасида ўқ отиш спортини ривожлантириш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича муҳим аҳамият касб этди.

Йиғилиш давомида ушбу йўналишда бугунги кунга қадар амалга оширилган ишлар атрофлича муҳокама қилиниб, эришилган натижалар батафсил сарҳисоб қилинди. Жумладан, ҳудудларда спорт инфратузилмасини ривожлантириш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш, спортчилар учун зарур шароитлар яратиш ҳамда мураббийлар салоҳиятини ошириш борасида олиб борилган ишлар юзасидан ахборотлар тингланди. Шунингдек, ёшлар орасида ўқ отиш спортига бўлган қизиқишни ошириш, иқтидорли ёшларни аниқлаш ва уларни профессионал спортга йўналтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Йиғилиш доирасида Ўзбекистон Ўқ отиш спорти федерацияси фаолиятини чуқур ўрганиш мақсадида махсус ишчи гуруҳ ташкил этилди. Ушбу ишчи гуруҳ зиммасига федерациянинг ташкилий тузилмаси, бўлимлар структураси, молиявий таъминоти, моддий-техник базаси ҳолати ҳамда фаолият самарадорлигини таҳлил қилиш вазифалари юклатилди. Бу орқали мавжуд камчиликларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, федерациянинг Нукус шаҳар бўлими фаолияти ҳам батафсил таҳлил қилинди. Унда спортга қизиққан ёшларни кенг жалб этиш, ўқ отиш бўйича шаҳар, республика ва халқаро миқёсдаги мусобақаларни мунтазам ташкил этиш, спортчиларни моддий ва маънавий рағбатлантириш механизмларини такомиллаштириш масалалари юзасидан муҳим таклиф ва тавсиялар илгари сурилди. Бу таклифлар келгусида соҳани ривожлантиришда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилиши қайд этилди.
Йиғилиш якунида Нукус шаҳрида ўқ отиш спортини янада оммалаштириш, юқори спорт натижаларига эришиш, иқтидорли спортчилар захирасини шакллантириш ҳамда мамлакатимизда Олимпия спорт турларини ривожлантириш устувор вазифалардан бири этиб белгиланди. Ушбу йўналишда амалга ошириладиган тизимли ишлар нафақат ҳудудий спорт салоҳиятини оширишга, балки мамлакатимиз спортининг халқаро майдондаги нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Умуман олганда, Қорақалпоғистон Республикасида ўқ отиш спортини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган бу каби изчил саъй-ҳаракатлар ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш ҳамда мамлакатимиз спортчилари томонидан юксак натижаларга эришиш учун мустаҳкам замин яратмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири