Вазирлар Маҳкамаси “Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга кўра, олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари ўрта ва профессионал давлат спорт-таълим муассасалари юқори малакали мутахассислар ва спортнинг олимпия ва паралимпия турлари бўйича терма жамоаларни шакллантириш учун спорт захирасини тайёрлашга йўналтирилади.
Олимпия ва паралимпия марказларининг Олимпия ва Паралимпия коллежлари паралимпия бўлимларига умумий ўқувчи-спортчилар сонига нисбатан Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси тавсиясига асосан жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган ўқувчи-спортчилар учун 10 фоизгача қўшимча квоталар белгиланади.
Қабул қилинган ўқувчи-спортчилар олимпия ва паралимпия марказларини тўлиқ тамомлагунга қадар ўқитилиши таъминланади. Ўқувчи-спортчилар тўлиқ Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан озиқ-овқат билан таъминланади.
Марказлар психологлари, тарбиячилари Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ҳамда унинг филиалларида бепул малака оширади.
Олимпия ва паралимпия марказлари ўқувчи-спортчилари Ўзбекистон чемпионати ва кубоги мусобақаларида алоҳида жамоа сифатида иштирок этади.
Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази ўқувчи-спортчилари Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги олимпия ва паралимпия марказларининг 1-2-курсларида таълим олаётган спорт турлари бўйича республика миллий терма жамоалари учун асосий номзод бўлган спортчи-ўқувчилардан бутланади.
2023 йилдан бошлаб олимпия ва паралимпия марказларининг тажрибали ходимларини чет давлатларга юбориш амалиёти жорий этилади.
2023 йил 1 сентябрга қадар Марказларнинг бино ва иншоотларида ногиронлиги бўлган шахсларнинг спорт билан шуғулланишлари учун зарур шарт-шароитлар яратилади.
2023/2024 ўқув йилидан бошлаб тизимидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатларда мавжуд спорт иншоотларида кўзи ожиз ва заиф кўрувчи, кар ва заиф эшитувчи ҳамда кар ва соқов ногиронлиги бўлган шахсларнинг спорт билан шуғулланиши учун шарт-шароитлар яратилади.
ЎзА