Мамлакатимиз иқтисодиёт тармоқларини жадал ривожлантириш, инвестиция жараёнларини жадаллаштириш ва ҳудудларга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни фаол жалб қилиш, шунингдек, жойларда юқори даромадли иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ишчи гуруҳи аъзолари 2025 йилда Тошкент шаҳрида IV ёзги Осиё ўйинлари ва V ёзги Пара Осиё ўйинларининг ўтказилиши учун мўлжалланган “Олимпия шаҳарчаси” объектларида қурилиш жараёнлари билан яқиндан танишди.

Мазкур лойиҳа доирасида 100 гектар майдонга 7 та объект қурилиши белгиланган бўлиб, лойиҳа қиймати 309,1 млн. АҚШ долларини ташкил этади.
Бугунги кунда объектнинг қурилиш ишларида 1250 нафар ишчи ва мутахассис жалб қилинган бўлиб, улардан 685 нафари маҳаллий аҳоли ва 565 нафари чет эл мутахассисларидир.

Пойтахт божхона постлари орқали мазкур объектда фойдаланиш учун келтирилган 1710 партия асбоб-ускуналар ва товарларга 550 та БЮДлар расмийлаштирилиб, божхона тўловларидан 49 миллиард сўмлик имтиёзлар қўлланилган.

Ўрганиш якунлари бўйича кўзда тутилган лойиҳаларнинг ўз вақтида сифатли ижро этилишини таъминлаш, лойиҳа иштирокчиларининг фаолиятидаги мавжуд муаммоларни чуқур ўрганган ҳолда, уларни тизимли равишда бартараф этиш учун мутасаддиларга топшириқлар берилди.
Ш.Маматуропова, ЎзА