English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Олимпия шаҳарчаси” — Ўзбек спортини янги ривожланиш босқичига олиб чиқишга хизмат қилади
11:10 / 2023-11-21

Маълумки, жорий йилнинг 18 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев пойтахтимизда қад ростлаётган “Олимпия шаҳарчаси”га ташриф буюриб, у ердаги бунёдкорлик ишлари билан танишганди.

Давлатимиз раҳбари мазкур мажмуада олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишиш асносида “Олимпия шаҳарчаси”нинг ҳар томонлама замонавий кўринишда бўлиши борасида мутасаддиларга зарур топшириқларни бериб ўтганди.  

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида ушбу топшириқлар ва уларнинг ижроси юзасидан йиғилиш ўтказилди.

Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икромов, Миллий олимпия қўмитаси бош котиби  Ойбек Қосимов, қўмита раиси ўринбосарлари Равшан Эрматов, Сакен Полатов, Азизжон Комилов ва Шерзод Тошматов, Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходими Рашид Талипов иштирок этган йиғилишда “Тошкент-2025” IV ёшлар Осиё ва V Пара Осиё ўйинларига тайёргарлик, унга киритиладиган спорт турлари, мусобақа саналари ва меҳмонларга яратиладиган қулайликларни яхшилаш масалалари муҳокама қилинди.

Муҳокамалар давомида иш самарадорлигини янада ошириш, “Олимпия шаҳарчаси” замонавий инвентарлар билан жиҳозлаш, қурилажак объектлар мамлакатимиз спортини янги босқичга олиб чиқиш йўлида хизмат қилиши борасида фикрлар билдирилди. 

“Олимпия шаҳарчаси” спорт турлари бўйича терма жамоаларимизнинг йирик мусобақаларга ҳозирлик кўриши учун ягона кластер ва илмий-амалий машғулотлар марказига айланиши таъкидланди.

Йиғилишда мусобақа рамзларини тасдиқлаш, беллашувлар ўтадиган саналарни шакллантириш масалалари кўриб чиқилди. Ўйинлар дастуридан ўрин оладиган спорт турлари таркиби ҳам якуний ҳолатда бўлиб, лойиҳа келишиш учун Осиё Олимпия кенгашига юборишга тайёрланаётганлиги билдирилди.

 

Т. Рўзиев, ЎзА