Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олимпия шаҳарчаси – миллий ғурур ва келажак рамзи, дунё спорт байрамлари ўтадиган маскан
11:37 / 2025-09-20

Ватан учун, миллат учун, халқ учун!

Дунёда жуда кам сонли шундай шаҳарлар борки, уларни спорт дунёси, келажак пойдевори, тинчлик тараннуми каби номлар билан ҳам атайдилар. 

Улар нафақат турли спорт тадбирлари, балки улкан концертлар, кўргазмалар ва халқаро форумлар учун ҳам майдон саналади. Бу шаҳарларда жаҳонда тан олинган архитектура ечимлари қўлланилган. Улар ўзи жойлашган мамлакатнинг энг жозибали туристик ва маданий ташриф қоғозига айланган. Бу масканлар соғлом ҳаётни, спортни амалий натижалар билан тарғиб қилаётган Олимпия шаҳарчаларидир.

Энди Ўзбекистон ҳам дунёдаги ана шундай мукаммал спорт мажмуасига эга саноқли давлатлардан бири. 

Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбари 18 август куни Тошкент шаҳрида янгидан барпо этилган Олимпия шаҳарчасида бўлган эди. 

Ушбу спорт мажмуаси жойлашган ҳудуднинг майдони юз гектардан зиёд. Битта стандарт футбол майдонини хаёлингизда жонлантиринг, каттагина ҳудуд-а? 

Юз гектардан зиёд ерга ана шу футбол майдонидан тахминан бир юз қирқтаси жой бўлади. Бир юз қирқта! Рақам Олимпия шаҳарчаси жойлашган майдон ҳақидаги тасаввуримизни янада бойитишга хизмат қилдия? Бу “майдонлар”га катта-кичик объектлар, турли маҳобатли спорт комплекслари, яшил ҳудудлар шундай жойлаштирилдики, кишини ҳайратга солади. Одамга ғурур бағишлайди.

Шаҳарчадан бешта асосий спорт мажмуаси жой олди. Ўн икки минг ўринли стадион, велодром, сув спорти саройи, яккакурашлар ва жамоавий ўйинлар мажмуалари шулар сирасига киради. 

У нафақат ана шундай спорт майдонлари ва машғулот заллари билан, балки муҳим спорт ташкилотларининг бир жойда жамланиши билан ҳам аҳамиятли. Бу ердан Спорт вазирлиги, Антидопинг агентлиги, Давлат спорт академияси, Жисмоний тарбия илмий-тадқиқотлар институти, Спорт турларини ривожлантириш маркази ҳам ўрин олди. 

Халқаро спорт экспертлари бундай жойлашишнинг афзалликлари жуда кўплигини таъкидлашмоқда. 

Аввал турли манзилларда фаолият юритган идоралар қарор қабул қилиш жараёнида вақт йўқотар эди. Энди эса барча муассасалар бир ҳудудда бўлгани учун тезкор алоқа, биргаликда қарор қабул қилиш ва ҳамкорликда ишлаш осонлашади. Масалан, спортчи тайёргарлигига оид қарор қабул қилинаётганда вазирлик, илмий институт ва марказ мутахассислари бир вақтнинг ўзида маслаҳат бериши мумкин.

Жисмоний тайёргарлик, илмий кузатув, тиббий хизмат, таълим ва бошқарув бир ҳудудда мужассамланиши спортчи учун ҳам катта енгиллик. Масалан, спортчи машғулотдан сўнг тўғридан-тўғри тиббий кўрикдан ўтиши ёки тадқиқот институти мутахассисларидан маслаҳат олиши мумкин.

Дунёдаги йирик спорт марказлари – Швейцариянинг Лозанна шаҳридаги Олимпия маркази, Корея Республикасининг Инчхон спорт шаҳарчаси ёки Қатарнинг “Aspire Zone” спорт комплекси айнан шундай бирлашган бошқарув ва илмий-техникавий ҳамкорлик асосида самарали фаолият юритмоқда. 

Бу тажриба шуни кўрсатадики, спортда тизимли ёндашув ва бир маконда жамланиш натижаларни янада тезроқ олиб келади.

– Бу комплекс Янги Ўзбекистоннинг бунёдкорлик салоҳиятини, ёшлар келажагига, спортга эътибори даражасини яна бир бор намоён этди, – дейди Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов. – Бу шаҳарча ўзида илм, амалиёт ва назарияни уйғунлаштирди. Шу жиҳати билан ҳам муҳим аҳамиятга эга дейишимиз мумкин. Ҳудудда халқаро даражадаги мусобақалар ўтказилади. Мамлакатимиз терма жамоаларининг ўқув-машғулотлари ташкил этилади. Шунингдек, юртдошларимизнинг ҳам спорт билан шуғулланиши учун имкониятлар яратилди. Шуни алоҳида таъкидлаш керак, бу каби комплекслар Олимпия ўйинлари ўтказиладиган давлатларда қурилиши мумкин. Лекин бундай йирик спорт тадбирларини ўтказган ҳамма давлатларда биздаги имкониятларни кўрмадик. Айтайлик, одатда Олимпия ўйинларида бир мусобақадан бошқасига етиб боргунча бир соатлаб вақт йўқотган пайтларимиз кўп бўлган. Бизнинг бу мажмуа келгусида жуда йирик спорт тадбирларига мезбонлик қилса, спортчилар, меҳмонлар, экспертлар учун жуда катта қулайликлар яратади. 

Шу ўринда спорт иншоотлари имкониятлари ҳақида ҳам қисқача тўхталиш жоиз. 

Бугун Ўзбекистон спорт инфратузилмаси янги босқичга қадам қўйди десак муболаға бўлмайди. Мамлакатимизда илк бор халқаро талабларга жавоб берадиган замонавий велодром ҳам шу шаҳарчада барпо этилди. У нафақат велоспортчилар учун, балки бутун жисмоний тарбия ва спорт соҳаси учун янги имкониятлар эшигини очади. 

Велодром лойиҳаси мураккаб муҳандислик ечимлари асосида ишлаб чиқилган. Йўлакнинг траекторияси, бурилиш бурчаклари ва ёғоч қопламаси Халқаро Олимпия қўмитасининг қатъий талабларига тўлиқ жавоб беради.

Велодром 2 минг 200 нафар томошабинга мўлжалланган. Шунга қўшимча, Халқаро Олимпия қўмитасининг янги талаблари асосида ўриндиқлар олдига ҳимоя тўсиқлари ўрнатилган. Бу, энг аввало, спортчилар хавфсизлиги ва мухлислар учун қулай шароит яратишга хизмат қилади.

Мазкур спорт мажмуаси фақат велоспортга эмас, балки турли йўналишларга ҳам хизмат қилади. Шу ерда стол тенниси, қиличбозлик, бошқа йўналишлардаги машғулот ва мусобақаларни ўтказиш мумкин. Бу эса велодромнинг универсаллиги ва спорт ҳаётидаги аҳамиятини янада оширади.

Спортчилар учун энг замонавий шароит яратилган Берлин, Лондон, Гонконг ва Токио велодромлари қаторида энди Ўзбекистонда қурилган мазкур мажмуа ҳам бор.

Шунингдек, шаҳарча марказида қурилган 12 минг ўринли стадион спорт соҳасидаги кенг имкониятларни ўз ичига олгани билан алоҳида аҳамиятга эга. Стадион келгусида халқаро турнирлар, тантанали маросимлар ва йирик чемпионатларни қабул қила олади. Яшил майдон ва тўққиз қаторли югуриш йўлаги орқали енгил атлетиканинг 48 та йўналиши бўйича мусобақалар ўтказиш мумкин. Бу имконият стадионнинг универсаллиги ва Олимпия талабларига мослигидан далолат беради.

Олимпия шаҳарчасининг энг ёрқин иншоотларидан бири улкан сув спорти саройидир. У замонавий архитектураси, халқаро стандартларга жавоб берадиган ҳавзалари ва спортчилар учун қулай шарт-шароитлари билан ажралиб туради. Сарой трибуналари 2 мингдан зиёд мухлисни қабул қила олади. Бу спортчилар учун энергия, мухлислар учун эса бефарқ қолдирмайдиган таассурот дегани. Очиқ айтиш мумкинки, мажмуа нафақат мусобақалар, балки спорт байрамига айланадиган улкан воқеалар марказига айланади.

Жамоавий ва яккакураш спорт турлари мажмуалари эса Олимпия шаҳарчасининг муҳим бўғини саналади. 

Жамоавий спорт турлари учун мўлжалланган бинода волейбол, баскетбол ва гандбол бўйича машғулотлар ҳамда халқаро мусобақаларни ўтказиш мумкин. Яккакураш спорт турларига ихтисослаштирилган мажмуа эса дзюдо, бокс, таэквондо каби йўналишларни ривожлантириш учун хизмат қилади. Бундай имкониятлар мамлакатимизда спортнинг жамоавий ва индивидуал йўналишлари оммалашишига, ёш авлоднинг соғлом ва мардона руҳда тарбияланишига, шу билан бирга миллий терма жамоаларнинг халқаро мусобақаларда юқори натижалар кўрсатишига мустаҳкам асос бўлади.

Шу ўринда савол туғилади. Бу шаҳарча қурилишидан олдин Ўзбекистоннинг йирик спорт байрамларига мезбонлик қилиш имкониятлари қандай эди? 

Мавжуд спорт иншоотлари ва майдонларидан фойдаланган ҳолда катта-кичик тадбирларни ўтказиб келмоқда эдик. Бироқ Янги Ўзбекистон олдига қўйилган юксак мақсадлар – дунё миқёсидаги нуфузли спорт байрамларига мезбонлик қилиш, олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионатлари каби мусобақаларни қабул қилиш режалари учун бу етарли эмасди. 

Шу боис барча халқаро стандартларга жавоб берувчи, замонавий дизайн ва мураккаб муҳандислик ечимларига асосланган комплексларни барпо этиш ҳар жиҳатдан мақсадга мувофиқ ҳисобланди. Бундай мажмуалар нафақат мамлакатда спортнинг ривожланишига, балки Ўзбекистоннинг халқаро майдонда нуфузини оширишга ҳам хизмат қилади.

Икром АВВАЛБОЕВ,

ЎзА мухбири